Бош прокуратура Сергелида юз берган нохуш воқеа юзасидан расмий баёнот берди
Куни кеча ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Сергели туманида аёл 3 нафар фарзанди билан ўзини 9-қаватдан пастга ташлагани ҳақида хабарлар тарқалди.
Бош прокуратура матбуот хизмати ушбу ҳолат юзасидан расмий баёнот берди:
Бош прокуратура ҳамда Тошкент шаҳар прокуратураси раҳбарияти бошчилигидаги тезкор-тергов гуруҳи томонидан воқеа жойи кўздан кечирилиб, текшириш ҳаракатлари олиб борилди.
Аниқланишича, 3 апрель куни соат 19.20 ларда Сергели тумани 8-мавзедаги кўп қаватли уйда яшаб келган аёл (1996 й.т.) икки нафар ўғли ва бир нафар қизини қасддан ўлдириш мақсадида 9-қаватдан бирин кетин деразадан ташлаб юбориб, сўнгра ўзи ҳам ойнадан сакраб ўз жонига қасд қилган.
Оқибатда барчаси ҳодиса жойида вафот этган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97 (Қасддан одам ўлдириш) ва 103 (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Олинган маълумотларга кўра, марҳума аёл Тошкент вилояти Зангиота туманида турмуш ўртоғи билан истиқомат қилган хонадонда 2022 йил октябрь ойида ёнғин содир бўлганлиги сабабли 3 нафар фарзанди билан бирга онасининг Сергели тумани 8-мавзесидаги уйига келиб, улар билан бирга истиқомат қилиб келган ҳамда ушбу ҳолатлар унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатган.
Шунингдек, марҳуманинг турмуш ўртоғи ҳозирда "Умра" зиёрати мақсадида Саудия Арабистонида эканлиги аниқланган.
Тергов гуруҳи томонидан ушбу фожеанинг барча эҳтимолий сабабларини синчковлик билан текшириш мақсадида қатор тергов тахминлари ишлаб чиқилган.
Хусусан, оилавий келишмовчилик, марҳумада кузатилган руҳий ўзгаришларга олиб келган сабаблар, ўз-ўзини ўлдириш даражасига келтириш ва бошқа тахминларнинг барчаси дастлабки тергов жараёнида батафсил текширилади.
ЎзА