Бош прокуратура: Оҳангарондаги давлат боғчасида тарбияланувчи вафот этгани юзасидан жиноят иши қўзғатилди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳридаги давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Бош прокуратура расмий баёнотида маълум қилинишича, 2026 йил 28 август куни 2023 йил 16 июлда туғилган ўғил бола ташкилот ошхонасида турган ҳашаротларга қарши воситани истеъмол қилиши оқибатида заҳарланган.
Шаҳар тиббиёт бирлашмасида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай, бола 30 август куни вафот этган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми – касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик билан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши доирасида бир шахс гумон қилинувчи тариқасида жалб этилган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Ҳар бир аниқланган ҳолатга қонунчиликда белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо берилиши, тергов натижалари ҳақида қўшимча маълумот берилади, дейилади расмий баёнотда.
ЎзА