Бўш иш ўринлари юзасидан меҳнат ярмаркаси ўтказилди
Инсонни жамиятга қайта интеграция қилишда меҳнат муҳим ўрин тутади. Жиззах вилоятининг Бахмал туманида пробация назоратидаги шахсларнинг банд қилиш, уларни доимий иш билан таъминлаш ва ижтимоий ҳаётга фаол жалб этиш мақсадида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Бахмал тумани ички ишлар бўлими пробация гуруҳи ташаббуси билан туман Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими ҳамкорлигида пробация ҳисобида турган шахслар учун бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилди.
Тадбирнинг асосий мақсади пробация назоратидаги фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни муносиб меҳнат фаолиятига жалб қилиш ҳамда жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишдан иборат бўлди.

Ярмарка давомида тумандаги қатор ташкилот ва корхоналар вакиллари томонидан мавжуд бўш иш ўринлари тақдим этилди. Иштирокчиларга меҳнат бозоридаги эҳтиёж юқори бўлган касблар, ишга қабул қилиш шартлари, меҳнат фаолиятини бошлаш тартиблари ва мавжуд имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири ҳар бир иштирокчи билан якка тартибда мулоқот ўтказилганида намоён бўлди. Суҳбатлар чоғида уларнинг қизиқишлари, касбий кўникмалари ва меҳнат тажрибаси ўрганилиб, мутахассислиги ҳамда салоҳиятига мос иш ўринларини танлаш бўйича амалий тавсиялар берилди.

Шунингдек, ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш, замонавий касбларга йўналтириш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш ҳамда даромадли меҳнат билан банд қилиш масалалари юзасидан ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди.
Мутахассислар томонидан меҳнат билан бандлик нафақат барқарор даромад манбаи, балки инсоннинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши, ўз келажагига ишонч билан қараши ва ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим омил экани таъкидланди.

Абдужалол Қаюмов,ЎзА мухбири