Болтиқбўйи мамлакатларида ўзбек спорти курашни оммалаштириш масаласи таҳлил қилинди
Рига шаҳрида Литва кураш федерацияси президенти Александр Павлов ва федерация вице-президенти Владимираc Матайтиснинг Ўзбекистон Республикасининг Латвиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тимур Раҳмонов ҳамда Ўзбекистоннинг Латвиядаги фахрий консули Владимир Галперин ўртасида ўтказилган учрашувда Болтиқбўйи мамлакатларида миллий спортимиз курашни кенг оммалаштириш ва халқаро мусобақаларни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Дўстона ўтган мулоқот жараёнида Литва ва Болтиқбўйи давлатларида курашни тизимли ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, спорт инфратузилмасини босқичма-босқич такомиллаштириш ҳамда ушбу қадимий спорт турининг халқаро нуфузини ошириш масалалари таҳлил қилинди.

Литвада кураш спортининг стратегик ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, яқин истиқболда мамлакатда миллий чемпионатлар ва халқаро мусобақаларни тизимли ташкил этиш, шунингдек, кенг оммалаштириш орқали ёшларни ушбу спорт турига жалб этиш масалалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 20 декабрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва оммалаштиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида устувор вазифа этиб белгиланганлиги айтиб ўтилди.
Учрашувда хорижий давлатларда кураш мактабларини ташкил этишга доир таклифлар илгари сурилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА