“19th Agzamov Memorial” халқаро турнирининг совриндорлари аниқланади
Бугун, 26 март куни пойтахтимизда ўтказилаётган “19th Agzamov Memorial” турнирининг сўнгги 10-тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Кеча халқаро мусобақанинг “А” гуруҳида ташкил этилган 9-тур баҳсида маҳоратли ёш шахматчимиз Муҳаммадзоҳид Суяров оқ доналарда турнир пешқадами арманистонлик Хайк Мартиросян билан муроса йўлини танлаган бўлса, Баҳром Баҳруллаев қора доналарда Абдумалик Абдусалимовга имкониятни бой бериши натижасида совринли ўринларга даъвогарлик пойгасидан чиқиб кетди.
10-тур ўйинлари остонасида Хайк Мартиросян 7 очко билан етакчиликни сақлаб турибди. Уни таъқиб этаётган Абдумалик Абдусалимов, ФИДЕ байроғи остида ҳаракатланаётган Артём Усков, Никита Афанасев ва Муҳаммадзоҳид Суяровда 6.5 очко мавжуд.

Бугун 10-тур баҳсларида Мартиросян Афанасев билан, Муҳаммадзоҳид Суяров Абдумалик Абдусалимов билан, Артём Усков ҳиндистонлик Пранав Ананд билан куч синашади.
Айнан ушбу жуфтликлар ўртасидаги ўйинлар натижасига кўра, совринли ўринлар қайси шахматчиларга насиб этиши ойдинлашади.

Турнирнинг “Б” гуруҳида иштирок этаётган 229 нафар иштирокчи орасида қирғизистонлик Султай Чингис ва Жанполат Турксои, ҳамюртларимиз Умар Исомов ҳамда Сардорбек Саидов 7,5 очко билан совринли ўринларни эгаллашга яқин келган.

Бугун ушбу гуруҳда ўтадиган Жанполат Турксои – Сардорбек Саидов, Султай Чингис – Саидкосим Алиев, Тоҳир Неъматов – Умар Исомов қарама-қаршилигидаги баҳслар совриндорларни аниқлаб бериши билан аҳамиятли саналади.
Эслатиб ўтамиз, “А” гуруҳида 1-ўринни қўлга киритган шахматчи 10 минг, 2-ўрин соҳиби 7 минг 500 ва 3-ўринни эгаллаган иштирокчи 6 минг АҚШ доллари билан тақдирланади.
Т.Рўзиев,
ЎзА