Болалар ва оилалар учун янги имкониятлар
Қарор ва ижро
Президентимизнинг тегишли қарорига асосан, 2025 йил 1 мартдан бошлаб тажриба-синов тариқасида босқичма-босқич мамлакатимизнинг 7 та ҳудудида 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган ногиронлиги бор болалар учун давлат-хусусий шериклик асосида кундузги парвариш хизмати ташкил этилмоқда.

Жумладан, Оҳангарон шаҳридаги Бўстон маҳалласида ҳам ушбу хизмат йўлга қўйилган. Бугунги кунда мазкур маскан давлат-хусусий шериклик асосида самарали фаолият олиб бормоқда.

Мутахассислар таъкидлашича, марказга жалб этилган болаларда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Масалан, Қувончбек тенгдошларининг исмини айта бошлади, Исломбек ўйинчоқлардан уй ясаб ўйнамоқда. Илгари бу болалардан бегонасираган Малика эса ҳозир улар билан дўст бўлиб кетган.

— Болаларнинг жисмоний ва руҳий ҳолати босқичма-босқич ривожлантирилмоқда. Уларни тарбиялашнинг ўзига яраша масъулияти ва шарафли жиҳатлари бор. Улардаги кичик ижобий ўзгаришлар ҳам бизни қувонтиради, — дейди тарбиячи Маржона Холиқова.

Умуман олганда, ижтимоий мослашув, реабилитация, таълимий ва маданий фаолиятлар уйғунлигида ташкил этилган бу хизмат болаларнинг ҳаёт сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шунингдек, бундай масканлар нафақат болалар, балки уларнинг ота-оналари учун ҳам янги имкониятлар эшигини очган аниқ. Чунки илгари ногиронлиги бўлган фарзанди парвариши билан банд бўлган, бироқ ишлаш истагидаги ота-оналар эндиликда ўз касбига қайтиш имкониятига эга бўлмоқда.
Тошкент вилоятининг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич йўлга қўйилаётган ушбу хизмат жамиятимизда меҳр-оқибат, эътибор ва инклюзив тамойилларнинг амалий ифодаси сифатида намоён бўлмоқда.
А. Мусаев, ЎзА