Болалар учун сифатли ва замонавий контентлар яратиш масалалари юзасидан мулоқот ўтказилди
Бугунги сунъий интеллект шиддат билан ўсаётган даврда болалар учун сифатли контент ҳар қачонгидан ҳам зарур. Негаки, уларнинг онггини соғлом шакллантирмасак, мақсадга мувофиқ бўлмайди.
Айнан шу борада амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова Болалар контентини ривожлантириш маркази масъуллари билан болалар учун сифатли ва замонавий контентлар яратиш масалалари юзасидан мулоқот ўтказди.

Учрашув давомида болаларга мос, қизиқарли медиаконтентлар ишлаб чиқиш йўналишида амалга оширилаётган лойиҳалар, натижалар ҳамда истиқболдаги режалар муҳокама қилиниб, ўзаро фикр алмашилди.
Хусусан, “Темурбек” тарихий-бадиий фильми, болажонларга йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини содда ва қизиқарли тарзда тушунтиришга қаратилган 25 қисмли “Йўлбарс берар дарс” лойиҳаси, шунингдек, “Байроқ кўтарган қиз” каби тарбиявий ва маърифий аҳамиятга эга медиа маҳсулотлар ва “Чемпион” фильми премьераси муҳокама қилинди.

Якунда масъулларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланиб, ушбу йўналишдаги келгуси вазифалар белгилаб олинди.
Шербек Исломов, ЎзА