Ўзбекистон ва ZTE рақамли инфратузилма бўйича ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ZTE компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида ZTE компанияси томонидан Ўзбекистонда дата-марказлар ташкил этиш ва ривожлантиришга доир концептуал ечимлар ҳамда техник таклифлар тақдим этилди. Хусусан, дата-марказларнинг барқарор ва узлуксиз ишлашини таъминлаш, энергия таъминоти, захира электр манбалари, совутиш тизимлари, ахборот хавфсизлиги ҳамда муҳандислик инфратузилмаси масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, лойиҳа доирасидаги кейинги босқичларни самарали ташкил этиш мақсадида ишчи гуруҳ шакллантириш ҳамда техник масалаларни биргаликда ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилди.
Учрашувда ZTE компанияси томонидан турли мамлакатларда амалга оширилган GovTech лойиҳалари ва рақамли трансформация бўйича халқаро тажрибалар ҳам тақдим этилди. Томонлар давлат хизматларини рақамлаштириш, замонавий рақамли инфратузилмани ривожлантириш ва илғор технологик ечимларни жорий этиш борасидаги хорижий тажрибалар юзасидан фикр алмашди.

Таъкидлаш жоизки, аввалроқ "GSMA M360 Eurasia 2026" халқаро форуми доирасида ZTE компанияси катта вице-президенти Чжан Цзянпэн билан учрашув ўтказилиб, дата-марказлар фаолиятини кенгайтириш ва телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинган эди.
Учрашув якунида томонлар дата-марказлар ташкил этиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш, лойиҳанинг навбатдаги босқичларини амалга ошириш ҳамда мазкур йўналишдаги амалий ишларни жадаллаштириш юзасидан фикр алмашди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА