Бокс: Осиё чемпионатида боксчи ёшларимиз тенгсиз эканлигини намойиш этди
Индонезиянинг Жакарта шаҳрида U19 ва U23 ёш тоифасида поёнига етган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари умумжамоада 1-ўринни эгаллади.
Мамлакатимизнинг умидли боксчи йигитлари U19 ёш тоифасида ўтказилган шиддатли жанглар якунига кўра, 7 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медали билан етакчи эканлигини амалда исботлади.
19 ёшгача бўлганлар иштирокидаги финал жангларида юртимиз чарм қўлқоп усталаридан Ўткирбек Норқосимов, Элёр Рустамов, Муҳаммадризо Укимов, Суҳроб Раҳматуллаев, Аброр Шарипов, Сардор Баҳромхўжаев, Асадбек Султанбоев, олтин, Ислом Салихов кумуш, Саидхўжа Садиллахўжаев бронза медалига эга чиқди.
Ушбу ёш тоифасида умумжамоада Қозоғистон иккинчи, Жанубий Корея терма жамоаси кучли учликка якун ясади.
U23 ёш тоифасидаги 10 та вазнда кечган жангларда боксчи йигитларимиз 4 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медални қўлга киритиб, қитъанинг тенгсиз терма жамоаси номига сазовор бўлди.
Кўриниб турибдики, ҳар икки ёш тоифасида 10 тадан вазнларда ўтказилган мусобақаларда тўлиқ таркиб билан қатнашган боксчи ёшларимизнинг 20 та совринли ўринларнинг 18 тасига сазовор бўлгани ўзбек боксидаги муваффақиятли одим бардавомлигини кўрсатди.
Эслатиб ўтамиз, қитъа чемпионатида ушбу ёш тоифаларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилган боксчи қизларимиз ҳам 20 дан зиёд миллий терма жамоалар орасида етакчиликни қўлга киритди.
Т. Рўзиев, ЎзА