Осиё чемпионати: Ўзбекистон 14 нафар боксчи билан финалда иштирок этади
Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати ўзининг ҳал қилувчи босқичига етди. Бугун U19 ва U23 тоифаларидаги финал жанглари ўтказилади.
Ўзбекистон терма жамоаси финалга энг кўп – 14 нафар боксчи билан етиб келгани мусобақадаги устунлигини яна бир бор тасдиқлади.
U19 ёш тоифасида Ўткирбек Норқосимов (-50 кг.), Элёр Рустамов (-55 кг.), Муҳаммадризо Укимов (-60 кг.), Сухроб Раҳматуллаев (-75 кг.), Аброр Шарипов (-80 кг.), Сардорбек Бахромхўжаев (-85 кг.), Асадбек Султанбоев (-90 кг.) ва Ислом Салихов (+90 кг.) чемпионлик учун рингга кўтарилади.
U23 ёш тоифасида эса Илҳомжон Иргашев (-65 кг.), Абдуллоҳ Мадаминов (-70 кг.), Фазлиддин Эркинбоев (-80 кг.), Норбек Абдуллаев (-85 кг.), Самир Собиров (-90 кг.) ҳамда Озодбек Алиев (+90 кг.) олтин медаль учун баҳс олиб боради.
Финал беллашувлари Тошкент вақти билан соат 11:00 да бошланади. Учрашувлар вақти тақдирлаш маросимларига қараб ўзгариши мумкин.

Осиё чемпионатининг қизлар ўртасида финал жангларида ҳар икки ёш тоифасида қизларимиз 10 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида биринчи бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА