Боғзорда тадбиркор аёллар маркази иш бошлади
Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги Боғзор маҳалласида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” дастури доирасида аҳоли таклифлари асосида маҳалладаги бўш турган бино таъмирланиб, замонавий “Тадбиркор аёллар маркази” ташкил этилди. Унинг очилиш маросимида нуронийлар, маҳалла фаоллари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Марказда 10 ўринга мўлжалланган тикувчилик цехи фаолияти йўлга қўйилиб, Муҳайё Воҳидова бошчилигида 5 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланди. Бу ерда миллий ва замонавий либослар, болалар кийимлари, мактаб формалари, ётоқ анжомлари ҳамда рўзғор буюмлари тайёрланмоқда.
Шунингдек, тадбиркор Феруза Холиқова ташаббуси билан нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, икки иш ўринли ярим тайёр маҳсулотлар тайёрлаш йўналишлари ишга туширилди. Тайёр маҳсулотлар маҳалла аҳолиси ва яқин атрофдаги савдо шохобчаларига етказиб берилмоқда.
Хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида тадбиркор София Равшанова томонидан фитнес маркази ташкил этилди. Шунингдек, маҳалла ёшлари учун миллий кураш тўгараги ҳам фаолият бошлади.
— Маҳалламизда бундай марказнинг очилиши барчамизни қувонтирди, - дейди маҳалла фаоли Ҳамро Зокирова. — Хотин-қизларимиз ўз маҳалласида иш билан таъминланиб, оиласига даромад келтирмоқда. Фитнес маркази ва кураш тўгараги эса аҳоли, айниқса, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишига хизмат қилади.
[gallery-31990]
Маълумот ўрнида, Боғзор маҳалласида 4 минг 894 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 2 минг 567 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.
Маҳаллада амалга оширилаётган бундай ташаббуслар аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА