Сенатда тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
Сенатда тадбиркорлар билан “Тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш борасидаги ислоҳотлар жараёнида парламентнинг ўрни ва роли” мавзусида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнес вакилларини қўллаб-қувватлаш ҳамда бу жараёнларда парламентнинг ролини янада кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, тадбиркорлик соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлиги нафақат мустаҳкам қонунчилик базаси, балки уларнинг жойларда тўғри ва самарали ижро этилишига ҳам бевосита боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, парламентнинг қонун ижодкорлиги, бюджет ва солиқ сиёсати, парламент назорати ҳамда ҳудудлардаги муаммоларни ўрганиш борасидаги фаолияти муҳим аҳамият касб этади.

Янги авлод тадбиркорларининг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият олдидаги ижтимоий масъулиятини ошириш ва давлат ҳамда бизнес ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.
Тадбиркорлар ўз фаолиятида учраётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича таклифларини билдирди. Хусусан, кредит масалалари, электр энергияси ҳамда газ тармоқларига уланиш, импорт хомашёсини расмийлаштириш ва маҳсулотларни сертификатлаш, экспорт харажатларини камайтириш, ҚҚСни қайтариш муддатлари ҳамда ташқи бозорларга чиқишдаги мавжуд тўсиқларга эътибор қаратилди.

Парламент аъзолари томонидан билдирилган фикр ва таклифлар тадбиркорлик соҳасидаги мавжуд муаммоларни тизимли ўрганиш, уларнинг қонуний ечимларини топиш ҳамда тегишли қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштиришда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Тадбир якунида иштирокчилар томонидан илгари сурилган таклифларни умумлаштириш, уларни Олий Мажлис палаталарининг масъул қўмиталарида кўриб чиқиш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга қаратилган аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Н.Абдураимова,
ЎзА