БМТ БА АҚШ Кубага қарши санкцияни бекор қилиши тарафдори
БМТ Бош Ассамблеяси АҚШни Кубага қарши санкция бекор қилинишига чақирувчи анъанавий резолюция қабул қилди. Бу ҳақда “РИА Новости” агентлиги ёзган.
Қўшма Штатлар томонидан Кубага нисбатан қўлланган иқтисодий, тижорий ва молиявий эмбаргони тугатиш зарурати назарда тутилган резолюцияни 130 мамлакат қўллаб-қувватлаган. 17 мамлакат қарши овоз бериб, 25 мамлакат бетараф қолган.
БМТ БА 1992 йилдан бери ушбу орол-давлатга қарши бир ёқлама чекловни бекор қилиш талаби илгари сурилган ҳужжатлар қабул қилиб келмоқда. Бундай ташаббуслар аъзолар томонидан ҳар гал кўп овозда қўллаб-қувватланади. Шунга қарамай, Кубага санкция бекор қилинмаяпти.
Таъкидлаш жоиз, БА резолюциялари юридик жиҳатдан мажбурий эмас, яъни тавсиявий хусусиятга эга.
Январь ойида Президент Дональд Трамп Кубага нефть етказиб берувчи мамлакатлардан импорт қилинадиган товарларга тариф жорий этишга рухсат берувчи фармон чиқарди. Шунингдек, Кубанинг Америка миллий хавфсизлигига таҳдид солиши эҳтимоли сабаб фавқулодда ҳолат эълон қилди. Айни чора оролда ёнилғи тақчиллигини кескин кучайтириб, электр энергияси ишлаб чиқариш, транспорт, озиқ-овқат саноати, соғлиқни сақлаш, таълим каби ҳаётий муҳим соҳа ва йўналишларга жиддий салбий таъсир кўрсатди.
С.Раҳимов, ЎзА