Битирувчилар учун меҳнат ярмаркаси ташкил этилди
Пойтахтимизда олий таълим муассасалари битирувчилари учун меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди. Унда 200 га яқин иш берувчи, давлат ва хусусий ташкилотлар, тижорат банклари ҳамда масъул идоралар вакиллари ҳамда 500 дан ортиқ битирувчилар иштирок этди.
Маълумки, замонавий меҳнат бозорида битирувчи ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларни муносиб иш ўринлари билан қамраб олиш бугунги куннинг энг устувор вазифаларидан бирига айланди. Шу муносабат билан, юртимизда янги куч ва салоҳиятга эга бўлган ёш мутахассисларни иш берувчилар билан тўғридан-тўғри боғловчи йирик меҳнат ярмаркаси мунтазам ташкил этиб келинмоқда.

Ушбу тадбир нафақат олий ва профессионал таълим муассасалари битирувчилари учун карьера остонасидаги илк дадил қадам, балки ташкилотлар учун малакали кадрлар захирасини шакллантиришда муҳим кўприк вазифасини ўтайди.

Ёшлар имкониятларини янада кенгайтириш ва уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ярмаркада минглаб вакансиялар билан танишилиб, ташкилотлар масъуллари билан тўғридан тўғри суҳбатлашишга муваффақ бўлинди.

Хусусан, улар иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиб, ишга жойлашиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш ҳамда "Осон иш" платформаси ва Давлат фуқаролик хизмати вакант лавозимларининг ягона очиқ портали имкониятлари билан танишди.

Шунингдек, Бандлик бошқармалари мутахассислари томонидан ишга жойлашиш юзасидан маслаҳатлар, тижорат банки вакиллари томонидан эса имтиёзли кредитлар ва молиявий хизматлар бўйича мулоқот ҳамда бандликни таъминлаш касбий фаолиятни бошлаш юзасидан амалий кўмак кўрсатилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА