Технологик металлар комбинатида олий таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясининг янги босқичи муҳокама қилинди
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов бошчилигида вазирлик масъуллари ҳамда металлургия, материалшунослик, кимё-технология ва муҳандислик йўналишида кадрлар тайёрлайдиган қатор олий таълим муассасалари раҳбарлари Чирчиқ шаҳридаги Технологик металлар комбинатида бўлди.
Ташриф давомида иштирокчилар комбинатнинг ишлаб чиқариш қувватлари, технологик жараёнлари, янги инвестиция лойиҳалари ҳамда илм-фан ва ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш имкониятлари билан яқиндан танишди.
Шундан сўнг вазирлик, комбинат ва олий таълим муассасалари вакиллари иштирокида ишчи йиғилиш ўтказилиб, металлургия, материалшунослик ва кимё-технология йўналишидаги кафедраларнинг филиалларини комбинат ҳудудида ташкил этиш, дуал таълим дастурларини кенгайтириш, қўшма илмий-ишлаб чиқариш лабораторияларини ташкил этиш, мақсадли қабул тизимини йўлга қўйиш ҳамда комбинат ходимлари учун қайта тайёрлаш ва малака ошириш дастурларини амалга ошириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.

Тадбир якунида олий таълим муассасалари раҳбарларига комбинат билан ҳамкорлик бўйича аниқ "йўл хариталари"ни ишлаб чиқиш, соҳадаги долзарб масалаларни илмий-тадқиқот мавзуларига айлантириш ва белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли ижросини таъминлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Шербек Исломов, ЎзА