Бир асрлик тарих янги тараққиёт босқичи учун мустаҳкам таянч бўлади
Ўрта Чирчиқ тумани 100 ёшда
Ҳар бир ҳудуднинг бугуни унинг ўтмиши, эртаси эса бугунги бунёдкорлик ишлари билан чамбарчас боғлиқ. Ўрта Чирчиқ туманининг бир асрлик тарихи ҳам фидойи инсонлар меҳнати, деҳқончилик анъаналари, миллий қадриятлар ва тараққиётга интилиш билан йўғрилган. Бугун ушбу заминда тарихий меросни асраб-авайлаш, иқтисодий салоҳиятни юксалтириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш йўлидаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда.
Шу кунларда Ўрта Чирчиқ тумани ташкил топганининг 100 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган тантаналар нафақат ўтган аср сарҳисоби, балки ҳудуднинг бугунги қиёфаси, эришилаётган натижалар ва келгуси тараққиёт вазифаларига назар ташлаш учун ҳам муҳим имкониятдир. Хусусан, Қорасув маҳалласидаги “Сойил бўйи” сайилгоҳида ташкил этилган тадбирда меҳнат фахрийлари ва жамоатчилик вакиллари жам бўлди. Унда туманнинг босиб ўтган йўли, унинг равнақига муносиб ҳисса қўшган инсонлар, эл-юрт ободлиги ва фаровонлиги йўлида меҳнат қилганлар хотирланди.

Хусусан, Мамлакатимиз давлат мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида туман ташкил топганининг 100 йиллиги нишонланаётганида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Зеро, мустақиллик йилларида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ўзгаришлар ҳудуднинг янги тараққиёт босқичини бошлаб берди. Туман ҳудудидаги Бургалик, Мингтепа, Ўртасарой, Кучлук, Роватак, Ғалаботир ва Жалойир каби манзиллар ҳудуднинг тарихий хотираси ва маданий мероси билан боғлиқ.
Мустақиллик йилларида Ўрта Чирчиқда замонавий инфратузилмани ривожлантириш, янги корхоналар ташкил этиш, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт муассасаларини такомиллаштириш, аҳоли учун қулай шароитлар яратишга қаратилган ишлар амалга оширилди. Ҳудуднинг бугунги тараққиётида иқтисодий фаоллик, тадбиркорлик ташаббуслари ва қишлоқ хўжалиги имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим ўрин тутмоқда.

Туманнинг иқтисодий имкониятлари, аввало, унинг ишлаб чиқариш қувватлари, тадбиркорлик муҳити ва мавжуд ресурсларидан самарали фойдаланиш билан белгиланади. Айни пайтда Ўрта Чирчиқда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудудда 501 та кичик ва 3 та йирик саноат корхонаси, шунингдек, 4 та эркин саноат зонаси фаолият кўрсатмоқда. Бу мавжуд ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ва маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун муҳим асосдир.
Саноат соҳасидаги асосий вазифалар қаторида мавжуд қувватлардан самарали фойдаланиш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспортбоп маҳсулотлар турини кенгайтириш ва юқори қўшилган қиймат яратувчи лойиҳаларни рўёбга чиқариш белгиланган. Саноат зоналари бўйича “йўл хариталари” тасдиқлангани ҳам лойиҳалар ижросини тизимли ташкил этишга хизмат қилади.

Қурилиш соҳасидаги кўрсаткичлар ҳам ҳудуддаги иқтисодий фаолликдан далолат беради. мазкур йўналишдаги ишлар ҳажми 484,5 миллиард сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 136,4 фоизга етган. Бундай ўсишни ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, янги объектлар барпо этиш ҳамда ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш вазифалари билан боғлиқ ҳолда баҳолаш мумкин. Бироқ иқтисодий тараққиётнинг ҳақиқий самараси фақат ишлаб чиқариш ёки қурилиш ҳажмлари билан эмас, балки уларнинг аҳоли турмуш даражасига таъсири, янги иш ўринлари ва барқарор даромад манбалари яратилиши билан ҳам белгиланади.

Туман иқтисодиётининг ташқи бозорлар билан алоқаларини мустаҳкамлаш, маҳаллий маҳсулотларни хорижда харидоргир қилиш ва экспорт йўналишларини кенгайтириш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. 2026 йил учун 43,9 миллион долларлик экспорт прогнози белгиланган. Жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида эса 20,96 миллион долларлик режа ўрнига 22,38 миллион долларлик экспорт амалга оширилгани қайд этилган. Экспорт таркибида саноат маҳсулотлари 17 миллион долларни, мева-сабзавот маҳсулотлари эса 5,4 миллион долларни ташкил этган. Бу кўрсаткичлар ҳудуднинг ишлаб чиқариш ва аграр салоҳияти ташқи савдо фаолиятида муҳим ўрин тутаётганини кўрсатади.
Маълумотларга кўра, туман корхоналари 21 та давлат билан савдо алоқаларини йўлга қўйган. Австралия, Латвия ва Руминия каби давлатларнинг янги бозорлар сифатида ўзлаштирилиши экспорт географиясини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир. Эндиликда ташқи бозорларда барқарор ўрин эгаллаш учун маҳсулот сифати, рақобатбардошлик, етказиб бериш имкониятлари ва қайта ишлаш даражасини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, маҳаллий хомашё асосида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш экспорт тушумларини ошириш имконини беради.

Хизматлар соҳаси ҳам туман иқтисодиётининг муҳим йўналишларидан бирига айланиб бормоқда. Жорий йилнинг биринчи олти ойи якунларига кўра, хизматлар ҳажми 1 триллион 16,6 миллиард сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 117,7 фоизга етган. Савдо, логистика, транспорт, маиший хизмат, ахборот технологиялари ва сервис йўналишларида янги объектларни ташкил этиш, хизмат турларини кўпайтириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш бўйича вазифалар белгиланган. Хизматлар соҳасининг ривожланиши, айниқса, маҳаллаларда кичик бизнесни кенгайтириш, аҳолига қулайлик яратиш ва ёшларнинг меҳнат бозорига кириб келиши учун янги имкониятлар очади.
Ҳудуд тараққиётини баҳолашда иқтисодий кўрсаткичлар билан бир қаторда аҳоли бандлиги, даромадлари ва турмуш шароити ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис Ўрта Чирчиқда ишсизликни камайтириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган ишлар маҳаллалар кесимида ташкил этилмоқда. Ҳозир туманда меҳнат ресурслари 81,4 минг нафар, иқтисодий фаол аҳоли 67 минг нафар, жами банд аҳоли эса 63,7 минг нафарни ташкил этади. Ишсизлик даражаси 4,9 фоиз, камбағаллик даражаси 5,1 фоиз этиб кўрсатилган. Мазкур кўрсаткичларни янада яхшилаш учун аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, ўзини ўзи банд қилиш имкониятларини кенгайтириш, имтиёзли кредитлар ажратиш ва янги ишлаб чиқаришларни ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бунда ҳар бир маҳалланинг мавжуд имкониятларини аниқлаш, аҳоли эҳтиёжларидан келиб чиқиб даромад манбаларини шакллантириш ва меҳнат бозори талабларига мос касбларга ўқитиш муҳимдир. Чунки бандликни таъминлаш фақат иш ўринлари сонини кўпайтириш эмас, балки инсоннинг барқарор даромад топиши ва ўз имкониятларини рўёбга чиқариши учун шароит яратиш ҳамдир.
Туман олдида турган вазифалар эса мавжуд салоҳиятни тўлиқ ишга солиш, саноат ва қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, экспорт географиясини кенгайтириш ва аҳоли фаровонлигини янада юксалтиришдан иборат. Юбилейнинг мазмун-моҳияти ҳам шунда: ўтмишни эъзозлаш, бугунги ютуқларни қадрлаш ва келажак учун янада катта мақсадлар сари интилиш. Ўрта Чирчиқнинг бир асрлик тарихи янги тараққиёт босқичи учун мустаҳкам маънавий таянч бўлиб хизмат қилади.
А.Мусаев,ЎзА