Бир асрлик ҳаёт, бир умрлик жасорат
9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Янгийўл тумани Қовунчи маҳалласидаги хонадонлардан бири дарвозасига илинган оддий пешлавҳа билан эътиборни тортади. Унда: “Бу хонадонда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Мансуров Нодир ота истиқомат қилади”, деган ёзув битилган.
Яқинда Нодир ота 100 ёшни қарши олди. Кексайганига қарамай, ҳозир ҳам тетик ва хотираси мустаҳкам. У билан суҳбатлашар экансиз, гўё бир асрлик ҳаёт йўли кўз олдингизда гавдаланади.

Нодир ота болалигиданоқ ҳаётнинг оғир синовларини бошидан кечирган. Отасидан эрта айрилгач, онаси Эркабуви опа бир неча фарзандни ёлғиз тарбиялаш масъулиятини зиммасига олади. Акаси Турдивой 1941 йилда фронтга кузатилгач, оила ташвиши янада оғирлашади. Шу пайтда 14-15 ёшларда бўлган Нодир мактабни тарк этиб, онасига кўмак бериш мақсадида турли меҳнат ишларида қатнашади. Жумладан, “Шимолий Тошкент” канали қурилишида ҳам меҳнат қилади.
1944 йил ноябрь ойида у ҳам урушга чақирилади. Ўша пайтда 18 ёшда эди.

– Ҳарбий хизматга кетишдан олдин икки ой тайёргарликдан ўтдик. Самарқанддаги ҳарбий полигонда снайперлик, жанговар тактика ва қурол ишлатишни ўргандик. 1945 йил январь ойида Шарқий фронтга жўнатилдик. Илк бор ҳақиқий жангга февраль ойида кирдим. Атрофни портлашлар, ўқлар ва тутун қоплаган эди. Жанглардаги энг оғир манзара сафдошларнинг ҳалок бўлишидир, – дейди Нодир ота.
У Польша, Венгрия ва Чехословакия ҳудудларидаги жангларда иштирок этади. Будапешт учун бўлган жанглар эса унинг хотирасида алоҳида ўрин тутади. Бир бинода бўлиб ўтган жангда у снайперлар дуэлида иштирок этади. Урушдан кейин ҳам Нодир ота юртига дарҳол қайтмайди.

– Мен 1946-1947 йилларда Чехословакия ва Германия ҳудудида ҳарбий хизматда бўлдим. Европада уруш оқибатларини бартараф этиш, вайрона ва харобаларни тозалаш ишларида қатнашдим. Уруш тугади, лекин унинг излари қалбимизда қолди. Тинчлик эса энг буюк неъмат, – дейди у.
Унинг ёшларга васияти ҳам ҳаётий, “Ҳалол яшанглар, меҳнат қилинглар. Ватанни асранглар”. Нодир ота билан суҳбатлашиб тўймайсан киши. Кўксини тўлдириб турган орден ва медаллар гўё тарих ёғдусини сочаётгандек.

9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Тошкент вилояти фаоллари отахон хонадонида меҳмон бўлиб, самимий суҳбат ташкил этилди. Нодир отага Президентимизнинг байрам табриги ўқиб эшиттирилди, 30 миллион сўм миқдоридаги бир марталик пул мукофоти ҳамда эсдалик совғалари Тошкент вилояти ДХХ бошқармаси масъули ва туман ҳокими Одилжон Атауллаев томонидан тантанали равишда топширилди.
Самимий учрашув давомида Нодир ота ёш авлодни Ватанга муҳаббат, тинчликнинг қадри ва юртга садоқат руҳида тарбиялаш муҳим эканини таъкидлади. Фахрий нуроний давлатимиз раҳбари томонидан уруш қатнашчиларига қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун самимий миннатдорлик билдирди.
Тадбир давомида маданият бўлими хонандалари иштирокида жонли ижрода миллий куй-қўшиқлар янгради. Нуронийлар юртимиз тинчлиги, Ватанимиз мустақиллиги ва халқимиз фаровонлиги бардавом бўлишини тилаб, дуолар қилди.
А. Мусаев, ЎзА