Журналистлар маҳаллаларнинг ўзгаришлари билан танишди
Ўзбекистон Маҳаллалари ва Ўзбекистон Журналистлари уюшмаларининг ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандуми доирасида марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Сурхондарё вилоятига пресс-тур ташкил этди.
Матбуот сафарига ошиққан иштирокчиларга Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Сайдулла Абдураимов воҳада “маҳалла еттилиги”нинг жорий йил дастлабки чорагида амалга оширган ишлари ва келгуси режалари ҳақида атрофлича маълумот берди.
Вилоятдаги 723 та маҳалладаги 560 мингдан зиёд хонадон ва 730 мингдан ортиқ оилада уч миллион 11 мингга яқин киши яшайди. Уларнинг 48 таси қўшни давлатлар билан чегара ва олис ҳудудларда жойлашган. 77 маҳалла фуқаролар йиғинини хотин-қиз раисалар бошқармоқда. Аҳолига “маҳалла еттилиги”нинг 4 минг 300 дан ортиқ ходими хизмат кўрсатиб, уларнинг муаммоларини ечишга, ижтимоий ёрдамга муҳтож инсонлар, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаб, оилаларнинг турмуш фаровонлиги оширишга кўмаклашмоқда.
Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони муҳим дастуриламал бўлмоқда.
[gallery-29294]
Мулоқот чоғида “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили”да маҳаллалар раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторлари амалга ошираётган ишлар, маҳалла сервис компаниялари ва маҳалла назорат гуруҳлари фаолияти, томорқалардан самарали фойдаланиш, ҳашар йўли билан маҳаллаларни ободонлаштириш, ички йўлларни асфальтлаш, йўлакчалар қуриш каби мавзуларда фикр алмашилди.
Вилоят маҳаллаларида олиб борилаётган ишлар билан жойида танишиш учун йўлга чиққан журналистлар дастлаб Термиз туманидаги Қаҳрамон маҳалласида бўлди. 4 минг 150 хонадондан иборат маҳалла вилоят марказига туташ ҳудудда жойлашган. Аҳоли томорқадан оқилона фойдаланиб, шаҳар бозорларига турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириб беради. Юздан ортиқ хонадонда барпо этилган иссиқхонада қишин-ёзин турли озиқ-овқат экинлари, анвойи гуллар парваришланади. Пресс-тур қатнашчилари маҳаллада бўлиб, тажрибали деҳқон, “Дўстлик” ордени соҳиби Бобоёр Холбоев томорқасида барпо этилган иссиқхона билан танишди.
Тажрибали деҳқон Бобоёр Холбоев 34 сотих иссиқхонада йилига икки миллион тупгача помидор, бодринг, булғор қалампири, бақлажон, қовун-тарвуз, 20 турдаги турли гул кўчатларини парваришлаб, фермер ва деҳқон хўжаликларига етказиб бермоқда. Иссиқхонада 12 нафар маҳалладошини доимий иш билан таъминлаган. Уларнинг ўн нафари хотин-қизлардир. Иссиқхона барпо этаётган маҳалладошларига ҳам қишин-ёзин маҳсулот парваришлашнинг сир-асрорларини қунт билан ўргатаётир. Шу йил тумандаги ат - Термизий маҳалласида яна 24 сотих иссиқхона қуриб, ишга туширди.
– Ўз деҳқончилик мактабимизни яратяпмиз, – дейди 65 ёшдаги тадбиркор-деҳқон Б.Холбоев. – Ноёб гулларни ҳам иқлимимизга мослаштириб, кўпайтиряпмиз. Илм-тажриба-инновация асосида меҳнат қилиб, кам бўлмаяпмиз. Бу соҳага қизиққан томорқа эгаларига ҳам иссиқхона деҳқончилигини ўргатиб, уларнинг ердан оқилона фойдаланиб, мўл даромад топишига сабабчи бўляпмиз.
Термиз шаҳридаги Кокилдор ота маҳалласи аҳолиси ҳам озиқ-овқат экинлари парваришлашда бой тажрибага эга. Журналистлар бу ерда тадбиркор ўз маблағи ҳисобидан бунёд этган маҳалла идораси биноси ва “маҳалла еттилиги” учун яратилган шароитлар билан танишди. Зокир Отамуродов хонадонида бўлиб, 4 сотих иссиқхонада қулупнай парваришлаш, кўчат етиштириш жараёнлари билан қизиқди.
Тажрибали томорқачининг айтишича, у қулупнай етиштиришдан йилига 80 миллион сўмдан ортиқ даромад топмоқда. Иссиқхонада ёмғирлатиб суғориш жорий этилган. Шу кунларда 3 минг 700 туп серҳосил қулупнай кўчатини парваришлаётир.
Маҳалладаги 721 хонадоннинг 582 таси ўзи иссиқхонасига эга. Улар қулупнай, помидор, бодринг, булғор қалампири сингари озиқ-овқат экинларини парваришлаб, қишин-ёзин томорқадан оқилона фойдаланмоқда. ОАВ вакилларида Юсуф Холбўтаевнинг 16 сотих ердаги иссиқхонаси ва помидор парваришлаш тажрибаси ҳам катта қизиқиш уйғотди.
Матбуот сафари иштирокчилари йўл-йўлакай Термиз туманидаги Намуна маҳалласи аҳолисининг маҳаллага кириш қисмида ҳашар йўли билан пиёдалар йўлакчаси қураётганига дуч келди.
Ҳашарда қатнашаётган Абдурашид Ворисовнинг маълум қилишича, асфальт йўлнинг беш юз метрдан ортиқ қисми икки тарафида барпо этилаётган йўлакча ташаббускор тадбиркорлар маблағи ҳисобидан қурилмоқда.
Туманнинг қўшни давлат билан чегарадош Айритом маҳалласида бўлган журналистлар воркаут майдончасида ёшларнинг жисмонан тобланиши учун яратилган шароитлар билан танишиб, ўрнатилган спорт жиҳозларида машғулот ўтаётган болалар билан дилдан суҳбатлашди.
Шу куни журналистлар Жарқўрғон туманидаги Жарқўрғон минораси маҳалласининг янги қурилган идораси биноси билан ҳам танишди. Гулистон маҳалласида бўлиб, томорқани оила бюджетининг даромад манбаига айлантирган деҳқонлар билан гурунглашди. Сув таъминоти, экинларни парваришлаш, етиштирилаётган маҳсулотни сотиш каби масалалар билан қизиқди.
– Маҳаллалар катта бунёдкорлик майдонига, томорқалар одамларнинг даромад манбаига айланибди, – дейди Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси вилоят бўлими раиси Чори Жумақулов. – Кўриб, кўзимиз қувнади. Энди бу ишларни халққа етказиш бизнинг маҳоратимизга боғлиқ. Ҳамкасбларни маҳаллалар билан таништириб, бўлаётган ўзгаришларни кенг ёритишга эътиборни кучайтириш керак экан, деган фикрга келдим.
Шу куни пресс-тур қатнашчилари Жарқўрғон туманидаги Қораёнтоқ маҳалласида қад ростлаган “Янги Ўзбекистон” массиви билан ҳам яқиндан танишди. Осмонўпар кўп қаватли уйлар атрофида амалга оширилган кўкаламзорлаштириш ишларидан баҳри-диллари очилди. Маҳалла идораси, йўл, мактаб, нодавлат ўқув маркази, аҳолига тиббий, савдо, маиший ва бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари, воркаут майдончасини кўздан кечирди. Кенг, шинам хонадонларда яшаётган одамлар билан суҳбатлашди.
– Маҳаллаларни обод масканга айлантириб, одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш йўлидаги ишларга бош бўлаётган “еттилик” ходимлари ўртасида бу йил спорт беллашувлари ўтказишни жорий этдик, – дейди Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Сайдулла Абдураимов. – “Маҳалла еттилик”лари ўртасида баскетбол мусобақасини ўтказяпмиз. Бу билан ходимларнинг жисмоний машғулотларга қизиқишини ошириб, жойларда спорт ва унинг саломатликка фойдасини тарғиб қиляпмиз. Қумқўрғон туманидаги Янгишаҳар ва Янгиобод маҳаллалари “еттилиги” ҳозир волейбол мусобақасини ўтказмоқда. Истасаларингиз бу ўйинни ҳам бир муддат томоша қилишларингиз мумкин.
Кечга яқин журналистлар Қумқўрғон туманидаги икки маҳалла “еттилиги”нинг спорт беллашувларини ҳам томоша қилди. Матбуот сафари баҳонасида кимдир янгишаҳарликларнинг, бошқа биров янгиободликларнинг баскетбол ўйинига мухлис бўлиб қолди.
Жонибек Қўзимуродов (сурат)
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири