Бешариқда IT шаҳарчаси иш бошлади (+видео)
Баҳорнинг шукуҳли кунларида Бешариқ тумани ёшларига ажойиб совға топширилди. Энди уларнинг ҳам IT шаҳарчаси бор. Унинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар давлатнинг ёшлар истиқболини таъминлашга қаратилган дастурларини маъқуллаб,миннатдорчилик билдирдилар. Барча қулайликларга эга кўркам бино, билим олиш учун зарур шарт-шароитлар, юқори малакали мураббий ва ўқитувчилар ёшлар хизматида.
- Марказда компютер графикаси, дастурлаш, сунъий интеллект бўйича машғулот олиб борамиз, - дейди ўқитувчи Гулнигор Нуриддинова. – Бундан ташқари,робототехника йўналишида хам фаолият олиб борилади.
- Туманда иккита IT Park фаолиятини йўлга қўйдик, - дейди ҳоким маслаҳатчиси Усмонжон Деҳқонов. – Яна стартапчилар клубини ташкил этдик. Ўн нафар стартапчи ёшлар тайёрладик. Дастурловчилар етиштиряпмиз. Улар лойиҳаларини сотиб тадбиркорлик билан ҳам шуғуллана бошладилар.

IT шаҳарчасида дастурлаш, компютер саводхонлиги, веб ва график дизайн, робототехника, сунъий интеллект ҳамда рақамли инновациялар каби истиқболли йўналишларда таълим йўлга қўйилади. Бу эса ёшларнинг юқори даромадли ва рақобатбардош касбларни эгаллашида муҳим аҳамиятга эга.
IT Park лойиҳасига 540 миллион сўм йўналтирилди. Марказда йилига 500 нафар ўқувчи замонавий касбларга ўқитилиши режалаштирилган.
IT шаҳарчасида яна бир ўқув маскани — ICO SOFT дастурий таъминот ва рақамли лойиҳалар марказий биноси тантанали равишда очилди. Бу ерда ёшлар стартап лойиҳаларни тайёрлайдилар, уларни сотиб даромад кўрадилар. Буюртмачилар талабига кўра янги-янги лойиҳаларни яратадилар.

Бу ишларда бешариқлик ёшларга Американинг нуфузли дастурловчи компаниялари ёрдам бермоқчи.
- “SILK ROAD professional IT”компанияси билан ҳамкорликни бошладик. Улар Бешариқда ўз бўлимини очишига келишиб олдик, - дейди Усмонжон Деҳқонов. – Мақсадимиз фақат ўқув эмас, IТ чи ёшлар реал даромад олишини йўлга қўйишдир.

- Биз Фарғона шаҳрида иш бошлаган эдик. Мана энди Бешариқда ҳам ёшлар учун IT Park очилган экан, улар билан ҳамкорлик қиламиз. Аввало, уларга харидоргир лойиҳа ишлаб чиқаришни ўргатамиз. Сўнг уларни Америка компанияларига таклиф этамиз. Ўйлайманки, Бешариқ IT Park ёшлари бунга қодир ва муваффақият қозонади, - дейди “SILK ROAD professional “ компанияси менежери Дуенскрос Кел.
Бешариқ саноат, қишлоқ хўжалигидаги юксак натижалари билан ном чиқарган эди. Эндиги навбат унинг IT чи ёшларига.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/NF4MTQ5dfYs" title="Beshariqda ИТ shaharchasi ish boshladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мухаммаджон Обидов,
Элёр Олимов( видео, сурат), ЎзА