Бепарволик оғир оқибатларга олиб келиши мумкин
Қиш эшик қоқиб келганда эмас, унинг совуғи ҳали сезилмай турган пайтда тайёргарлик кўриш керак. Чунки совуқ кунлар кириб келиши билан хонадонларда газ жиҳозларидан фойдаланиш кескин ортади. Ана шу даврда оддий эътиборсизлик, ўз вақтида текширилмаган биргина мўри, тозаланмаган дудбурон ёки нотўғри ўрнатилган газ жиҳози инсон ҳаёти учун жиддий хавф туғдириши мумкин.
Айни кунларда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида хавфсизлик маданиятини ошириш мақсадида жойларда кенг тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Аммо ўрганишлар давомида ҳали ҳам айрим хонадонларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик талаб даражасида эмаслиги аниқланмоқда. Энг ачинарлиси, хавф баъзан кўзга кўринмайди. Дудбурон тозаланмаган, газ жиҳози носоз ёки меъёрларга зид равишда ўрнатилган бўлиши мумкин. Инсон эса бу камчиликларни оддий ҳолдек қабул қилиб, “ҳали вақт бор” деган бепарволикка йўл қўяди. Ваҳоланки, ис гази инсон сезмайдиган, ҳидсиз ва рангсиз хавф бўлиб, унинг олдини олиш фақат эҳтиёткорлик ва белгиланган қоидаларга қатъий амал қилиш орқали мумкин.
— Аҳоли хонадонларида тарғибот ишларини олиб бориш жараёнида, аввало, газ жиҳозларининг техник ҳолати, дудбурон ва мўриларнинг созлигига алоҳида эътибор қаратяпмиз, — дейди “Бухорошаҳаргаз” газ таъминоти бўлими ходими Ҳасан Бақоев. — Афсуски, айрим хонадонларда дудбуронлар ўз вақтида тозаланмагани, баъзи ҳолларда эса газ жиҳозлари нотўғри ўрнатилгани кузатилмоқда. Бундай камчиликлар эса оддий нуқсон эмас, инсон ҳаёти ва саломатлигига таҳдид солиши мумкин бўлган жиддий хавфдир.


Мутахассиснинг таъкидлашича, газдан фойдаланишда ҳар бир детал муҳим. Газ жиҳозини ўзбошимчалик билан ўрнатиш ёки таъмирлаш, ностандарт қурилмалардан фойдаланиш, мўри ва дудбуронларнинг ҳолатига бефарқ қараш — оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.
— Аҳолига ностандарт газ жиҳозларидан воз кечиш, энергия тежамкор ва белгиланган талабларга жавоб берадиган қурилмалардан фойдаланиш бўйича тушунтиришлар беряпмиз. Энергия тежамкор жиҳоз табиий газни тежаш билан бирга, хавфсизликни таъминлашга ҳам хизмат қилади. Шунингдек, хонадонларда дудбуронларни ўз вақтида тозалаш ва уларнинг техник ҳолатини текшириш ниҳоятда муҳим, — дейди Ҳасан Бақоев.
Кузнинг илиқ кунлари ҳали давом этаётгани ҳеч кимни хотиржамликка чорламаслиги керак. Чунки ана-мана дегунча ҳаво ҳарорати пасаяди, хонадонларда иситиш мосламалари ишга тушади, табиий газга бўлган эҳтиёж ортади.


Шунинг учун ҳар бир хонадон ўзини оддий савол билан текшириб кўриши лозим: дудбуроним тозами? Газ жиҳозим созми? У белгиланган талаблар асосида ўрнатилганми? Мўри тортиш ҳолати талабга жавоб берадими? Хонада шамоллатиш имконияти борми? Бу саволларга жавобни қиш кирганда эмас, бугун аниқлаш керак.
Зеро, давлат раҳбари ташаббуси билан аҳоли ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш, хавфсиз ва муносиб яшаш шароитларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эътиборнинг амалий самараси эса нафақат масъул идоралар, балки ҳар бир фуқаронинг ўз хавфсизлигига масъулият билан ёндашишига ҳам боғлиқ.
Газ — турмушимизда қулайлик яратадиган муҳим неъмат. Аммо ундан фойдаланиш маданияти ва хавфсизлик қоидаларига амал қилинмаса, ўша қулайлик бир зумда фожиага айланиши мумкин. Вақтни бой берманг!
Зариф Комилов, ЎзА мухбири