Истеъмолга яроқсиз 900 турдаги дори воситалари йўқ қилинди
Мажбурий ижро бюроси томонидан суд ҳужжатлари ҳамда бошқа органлар ҳужжатларининг ижросини таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Навбатдаги ижро ҳаракати Андижон шаҳрида амалга оширилди. Мажбурий ижро бюросининг Андижон шаҳар бўлими томонидан белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ва истеъмолга яроқсиз деб топилган 900 турдаги дори воситалари йўқ қилинди.
Мазкур ижро ҳаракати тегишли масъул идоралар вакиллари иштирокида, белгиланган тартибда амалга оширилди.
Таъкидлаш жоизки, истеъмолга яроқсиз ёки белгиланган талабларга жавоб бермайдиган дори воситаларини муомаладан чиқариш аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади. Бундай чоралар, шунингдек, сифат талабларига жавоб бермайдиган дори воситаларининг қайта муомалага кириши ва аҳоли томонидан истеъмол қилинишининг олдини олишга қаратилган.
Мажбурий ижро бюроси томонидан бу каби ижро ҳаракатлари қонунчиликда белгиланган тартибда давом эттирилмоқда.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА