Бекободда металлурглар меҳнати эътироф этилди
Кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни муносабати билан Бекобод шаҳридаги Металлурглар маданият саройида тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди. Унда “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти раҳбарияти, ишчи-ходимлар, меҳнат фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Дастлаб, комбинат Бошқаруви раиси — Бош директор Баҳодир Абдуллаев сўзга чиқиб, барчани касб байрами билан самимий табриклади ҳамда уларнинг корхона ва мамлакат саноати ривожидаги муҳим ўрнини алоҳида таъкидлади.

— Бугунги кунда мамлакатимизда металлургия соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Олдимизга катта режаларни қўйганмиз. Ортга назар соладиган бўлсак, 2025 йилнинг иккинчи яримида металл прокати ишлаб чиқариш ҳажми 375,7 минг тоннага етиб, 26 фоиз ўсишга эришилган эди. 2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида эса 269,8 минг тонна ишлаб чиқарилиб, 30,6 фоизлик ўсиш қайд этилди. Шу билан бирга, I чорагида саноат маҳсулотлари ҳажми 1,7 триллион сўмни ташкил этди. Металл прокати ишлаб чиқариш 204,1 минг тоннага, пўлат золдирлар ишлаб чиқариш эса 72,4 минг тоннага етди. Бу натижалар ортида фидойилик, интизом ва катта жамоанинг меҳнати турибди, — дейди “Ўзметкомбинат” АЖ бошқаруви раиси – бош директор Б.Абдуллаев.

Шундан сўнг Бекобод шаҳар ҳокими Н. Бабаев сўзга чиқиб, соҳа вакилларини байрам билан қутлади ва уларнинг меҳнатини юксак баҳолади.
Тадбир давомида бир гуруҳ илғор ишчи-ходимлар ҳамда меҳнат фахрийлари “Фахрий металлург” медали билан тантанали равишда тақдирланди. Шунингдек, ишлаб чиқариш ва касбий фаолиятда юқори натижаларга эришган ходимларга фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари топширилди.

Бундан ташқари, ишчи-ходимлар ўртасида оммавий спорт мусобақаларини тарғиб қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида ўтказилган мусобақалар, жумладан, “Бошқарув раиси кубоги” мини-футбол турнири ғолиблари ҳам алоҳида эътироф этилиб, муносиб тақдирланди.
— Комбинат тизимида 40 йилдан ошиқ вақтдан бери меҳнат қиламан. Бу даргоҳ менинг иккинчи оиламдир. Ёшлигимда металлургия йўналишидаги олийгоҳни битиргач шу соҳадаги ишлаб чиқариш тармоқларининг кўп босқичида тажрибага эга бўлдим. Ҳозирга келиб эса кўплаб шогирдларим бор. Ўз ишим билан комбинат ривожига, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан. Йил сайин соҳада замонавий технологиялар қўлланиляпти. Ўз навбатида ишчиларга ҳам қулайликлар яратиляпти. Байрам муносабати билан мен ҳам тақдирландим. Бундан жуда хурсандман, — дейди электрда пўлат эритиш бўлинмаси бошлиғи Исроил Назаров.

Байрамнинг бадиий қисмида таниқли санъаткорлар Шоҳруҳхон, Жасмин, Суҳроб Ҳамдамов ва Ботир Қодиров иштирокидаги концерт дастури барчага кўтаринки кайфият улашди.
А. Мусаев, ЎзА.