Банк ва молия соҳасининг илмий асослари таҳлил қилинди (+видео)
Банк-молия академиясида “Финтех ва сунъий интеллект даврида барқарор молия: банк ва молия тизимларининг келажагини ўзгартириш” мавзусида халқаро конференция ўтказилди.
Айтиш керакки, Республика Банк-молия академияси ўтган ўттиз йиллик фаолияти давомида мамлакатимизда юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва молия тизими учун замонавий билим ва кўникмаларга эга мутахассислар етиштиришда муҳим ўрин эгаллаб келмоқда.
Конференцияда маҳаллий ва хорижий экспертлар, етакчи олимлар, халқаро университетларнинг вакиллари, давлат ташкилотлари масъул ходимлари ҳамдаёш тадқиқотчилар иштирок
этди. Тадбирда халқаро академик ҳамкорликни кенгайтириш, хорижий нуфузли олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари, илмий лойиҳалар ва академик алмашинувларни ривожлантириш орқали миллий таълим тизимининг рақобатбардошлигини янада ошириш мумкинлиги қайд этилди.
Мазкур конференция академиянинг 30 йиллик юбилейи доирасида ташкил этилган бўлиб, у нафақат эришилган натижаларни сарҳисоб қилиш, балки янги стратегик йўналишларни белгилаб олишга хизмат қилади.
Анжуманда халқаро экспертлар томонидан долзарб мавзуларда маърузалар қилинди. Жумладан, Индонезия университети профессори ўз сўзида ривожланаётган иқтисодиётларда рақамли молия хизматларининг аҳоли фаровонлигига таъсири ва финтех ечимлар орқали молиявий инклюзивликни кенгайтириш механизмларини таҳлил қилди. Кореянинг Хандонг глобал университети доктори эса рақамли трансформация шароитида инновацион менежмент стратегиялари ва бизнес жараёнларини қайта шакллантириш масалаларини ёритди.
Шунингдек, Малайзия, Россия, Туркия, Индонезия университетлари олимларининг ҳам соҳага доир маърузалари тингланди. Куннинг иккинчи ярмида анжуман доирасида PhD тадқиқотчилари иштирокида илмий сессия ташкил этилди. Мазкур тадбир ёш олимларнинг илмий салоҳиятини намоён этиш, инновацион ғоялар ва амалий таклифларни муҳокама қилиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилди. Унда замонавий иқтисодиётнинг энг долзарб йўналишларини қамраб олган маърузалар тақдим этилди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/IuY-h8H8nNE?si=kSJP5UyoUzaxMitV" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Дониёр Якубов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА