Банк картаси нима сабабдан блокланганини аниқлаш имконини берувчи InfoCards тизими ишга туширилди
Банк картаси блокланганда фуқаро учун энг долзарб савол — чеклов ким томонидан ва нима сабабдан қўйилганини билиш. Энди бу маълумотни аниқлаш учун турли ташкилотларга мурожаат қилишга эҳтиёж камаяди.
Марказий банк, тижорат банклари, тўлов ташкилотлари ва тўлов тизими операторлари ўртасида InfoCards ахборот алмашинуви тизими жорий этилди. Янги тизим орқали банк картаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган томонидан блокланган ҳолатларда чеклов ҳақидаги асосий маълумотларни тезкор аниқлаш имкони пайдо бўлди. Жумладан, картани қайси орган блоклагани, блоклаш қачон амалга оширилгани ва қандай сабабга кўра чеклов қўйилгани маълум бўлади.
Эътиборли жиҳати шундаки, бунинг учун фуқаронинг Марказий банкка алоҳида мурожаат қилиши талаб этилмайди. Карта эгаси ўзига хизмат кўрсатувчи тижорат банкига мурожаат қилиши кифоя. Банк InfoCards тизими орқали тегишли маълумотларни аниқлаб, мижозга картанинг блокланиши сабаби юзасидан тушунтириш беради.
Бу механизм, аввало, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнини соддалаштириш ва ортиқча оворагарчиликларни камайтиришга қаратилган. Бироқ InfoCards картани автоматик равишда блокдан чиқариш воситаси эмас. Тизимнинг асосий вазифаси — чеклов ҳақидаги маълумотни аниқлаш ва фуқарога етказиш. Картани блокдан чиқариш масаласи эса уни блоклаган ваколатли органнинг тегишли қарори ва амалдаги тартиб асосида ҳал этилади.
Янги тизимнинг жорий этилиши банк хизматларидан фойдаланишда ахборот очиқлиги ва тезкорлигини ошириш, фуқароларнинг вақтини тежаш ҳамда банк-мижоз муносабатларида қулайликни кучайтиришга хизмат қилади. Эндиликда карта блокланса, биринчи навбатда банкка мурожаат қилиш кифоя — зарур маълумотни аниқлаш жараёни эса InfoCards орқали тезлашади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА