391 мингта муҳтож оилага электр ва табиий газ харажатлари учун 88 миллиард сўм субсидия ажратилган
Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ва яшаш шароитини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш борасида кенг кўламли ишлар изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Қонунчилик палатаси мажлисида вазир Жамшид Қўчқоров қайд этганидек, ижтимоий ҳимоя тизимида асосий эътибор аҳолига шунчаки моддий ёрдам кўрсатиш эмас, балки уларни иш билан таъминлаш, тадбиркорликка йўл очиш ва касбга ўқитиш орқали келгусида барқарор даромад топишига имконият яратишга қаратилмоқда.
Жорий йилнинг 6 ойи давомида нафақалар, моддий ёрдам ва компенсация тўловларига 7,3 триллион сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 800 миллиард сўм кўп маблағ йўналтирилди. Жумладан,600 мингга яқин оилага 1,8 саккиз триллион сўмдан ортиқ болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўлаб берилди.
Шунингдек, 480 минг нафар ногиронлиги бўлган фуқарога уч триллион сўмдан зиёд нафақа тўланди. 391 мингта муҳтож оилага электр энергияси ва табиий газ харажатлари учун 88 миллиард сўм субсидия ажратилди.
Жорий йилнинг биринчи январидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини фуқароларнинг суғурта стажи ва тўланган суғурта бадалларига мутаносиб равишда тўлаш механизми жорий этилди. Биринчи ярим йилликда 72 минг нафардан ортиқ аёлга қарийб 841 миллиард сўм ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаб берилди. Янги тизим орқали хусусий секторда меҳнат қилаётган 12 минг нафар аёлга 180 миллиард сўм ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланди.
М.Комилова, ЎзА