Баҳор - байрамлар фасли (+видео)
Табиатнинг уйғониши, оламнинг ёшариши, шарқона янги йил бошланиши – Наврўзи олам демак. Тарихий манбалар далолатига кўра ота боболаримиз бу кунни эзгулик, меҳр-оқибат, фаровонлик рамзи сифатида улуғлаб келадилар.
Эзгу анъаналар давомчилари сифатида Жамоат хавфсизлиги университетида ҳам бу кун катта тантана билан нишонланди. Унда университет курсант ва талабалари, ҳарбий қисм хизматчилари, бу даргоҳда хизмат қилаётган профессор-ўқитувчиларнинг фарзандлари-ю, оила аъзолари, фахрийлар иштирок этишди.
Меҳмонлар даврага қадам қўйишар экан, аввало байрамона безатилган университетнинг янги боғ ҳудудига эътибор қаратдилар. Унда гуллар, миллий матолардан гўзал манзаралар акс эттирилганди. Яқин ўтмишда ташландиқ ҳолда ётган бу ҳудуд университет жамоаси ғайрати билан беқиёс гўзаллик касб этганди. Миллий анъаналарга хос безатилган тўкин дастурхонлар, бир томонда димоқни қитиқлаб хушбўй ифор таратаётган дошқозонлар, айниқса, бунда таълим олаётган курсанту-талабалар ўртасида ташкил этилган “моҳир пазанда” танлови иштирокчиларининг ҳаракатлари ўзига хос манзара бағишлаган.
Бир томонда болажонлар ўйнаб-яйраши учун тикланган юмшоқ майдонча, баҳор хусни бўлган варраклар мусобақалари жажжи меҳмонлар завқини тоширган. Албатта ҳарбий хизматчилар қароргоҳи тадбирларини кучлилар ва чаққонлар иштирокидаги спорт мусобақаларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бу ерда ҳам турли услубдаги беллашувлар, куч синашлар, наврўзга хос анъанавий арқон тортиш, тош кўтариш, чиллак, ланка тепиш сингари миллий ўйинлар даврага файз бағишлади. Жамоат хавфсизлиги университети ўз номи билан халқимиз осойишталиги қалқонлари тобланадиган маскан.
Шунинг учун ҳам “Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир” деган бош ғоя бу таълим маскани учун гўё узукка кўз қўйгандек тушди. Наврўз байрами бу ерда ҳақиқий умумхалқ сайли шаклини олди. Университет ҳарбий оркестр жамоаси даставвал сайилни кўтаринки руҳда бошлаб берган бўлса, таклиф этилган эл суйган санъаткорлар, сўз усталари даврага янада кўтаринкилик бағишлаб юборди. Байрамона миллий либосдаги курсант ва талабалар завқу шавққа тўлиб, миллий байрам шукуҳини дилдан ҳис қилдилар. Шуниси эътиборлики, университет жамоаси шодиёна давраларига Тошкент шаҳрида жойлашган 22 вa 30-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини ҳам таклиф этишди. Уларнинг қувончи университет жамоасини янада руҳлантириб юборди.
Шунингдек, байрамда ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун рассомчилик танлови, варрак учириш, оқ теракми - кўк терак каби миллий спорт ўйинлари ташкил қилинди. Университет ҳарбий хизматчилари, курсантлари ва талабалари ўртасида миллий кураш, арқон тортиш, тош кўтариш, чиллак каби миллий спорт ўйинлар ўтказилди. Сайл доирасида бўлинмалар томонидан миллий таомимиз “Ош биринчилиги”, гўзал курсант қизларимиз ва талабаларимиз томонидан эса “Энг яхши баҳорий салат” мусобақалари ўтказилди. Тадбир давомида курсант ва талабалар томонидан миллий куй-қўшиқлар ва рақслар ижро этилиши барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/zPS1NSpkXck" title="Bahor - bayramlar fasli" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА