Азиз Ғафуров: Тошкент халқаро молия маркази Ўзбекистонда улкан ўзгаришлар босқичини бошлаб беради (+видео)
Жорий йил 3-6 май кунлари Осиё тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши 59-йиллик йиғилиши доирасида сармоявий муҳит, минтақавий ҳамкорлик ва молиявий боғлиқлик масалалари фаол муҳокама қилинди.
Анжуманда қатнашган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгаши котибияти раҳбари Азиз Ғафуров ЎзА мухбирига қатор долзарб мавзулар юзасидан атрофлича маълумот берди:
– Ушбу муҳим тадбир давомида кечган мунозаралар стратегик аҳамиятга эга.
Хусусан, энергетика, инфратузилма, тиббиёт, таълим, инсон капитали каби йўналишлар мамлакатимиз учун долзарб ва узоқ муддатли ривожланиш нуқтаи назаридан жуда муҳим.
Масалан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан, Президентнинг махсус қарори асосида Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилиши ўзига хос тарихий қадам. Бу воқеа одатий ислоҳот эмас, балки тизимли тараққиётнинг янги босқичидир. Яъни, анъанавий қарорлар, юз бераётган ўзгаришлар энди институционал тус олмоқда. Шу тариқа келажакда республикамиз қонунчилиги янада шаффоф, халқчил тизимга айланади.
Дарвоқе, халқаро экспертлар ҳам пойтахтимизда нуфузли молия маркази тузилиши ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлаб, лойиҳа айни вақтида амалга ошрилаётганини эътироф этмоқда. Зеро, юртимизда бунинг учун зарур асос шаклланган.
Мавжуд салоҳиятни юзага чиқаришга кўмаклашадиган ушбу мажмуа иқтисодиётимизга йирик молиявий тузилмалар ҳамда етакчи мутахассисларни жалб қилиш имконига эга бўлади. Шу тариқа мамлакат молия бозори фаолияти янги босқичга кўтарилади.
Тарихан Ўзбекистон Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган. Бугун ҳам диёримиз жадал суръатда минтақавий коммуникация ва иқтисодий алоқа марказига айланмоқда. Демак, ОТБнинг нуфузли тадбири учун Самарқанд танланишида ҳам рамзий маъно бор.
Аслида, биз мутлақ янги тизим яратаётганимиз йўқ. Фақат азалий анъаналарни замонавий шаклда қайта тиклаяпмиз. Ахир, Буюк ипак йўли фақат савдо тизими эмас, балки ғоя, манба ва тажриба алмашинувини таъминлаган ҳадсиз иқтисодий-молиявий макон бўлган.
Йиғилишда ОТБ томонидан яна бир муҳим ташаббус илгари сурилди: Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари сармоядорлари кенгашлари минтақавий альянсини ташкил қилиш. Дарҳақиқат, муайян мамлакатнинг муваффақиятли ислоҳоти, тажрибаси бошқа давлатлар учун ҳам фойдали бўлиши мумкин. Бинобарин, ўзаро тажриба алмашиш асносида сармоядорлар учун ягона, қулай тартиб шакллантириш осонлашади.
Бугун айрим инвесторлар минтақанинг барча давлатларига кириб келган. Улар турли ҳудудларда барқарор, шаффоф ва тушунарли қоида бўлишини истайди. Шу тариқа бутун умумий макон тараққий этади. Жараён Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, шунингдек Озарбайжон, Грузия ва Арманистон учун янги имкониятлар яратади.
Албатта, тўғридан-тўғри инвестиция жалб қилиш масаласи ҳам диққат марказида бўлди. Зеро, мамлакатга қанча кўп сармоя кириб келса, иқтисодиёт шунча кенг имкониятга эга бўлади. Бу нафақат давлат, балки тадбиркорлар, кичик ва ўрта бизнес вакиллари ва охир-оқибат аҳоли учун муҳим. Инвестиция – янги иш ўрни, технология ва тараққиёт дегани.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/TvfgHvdvzqw" title="Aziz G‘afurov: Toshkent xalqaro moliya markazi O‘zbekistonda ulkan o‘zgarishlarni boshlab beradi." frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мусулмон Зиё, Дилшод Ҳакимов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА