Сўнгги йилларда Ўзбекистон ЖСТ сари дадил одимламоқда
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши тарихи мамлакат мустақиллик давридаги узоқ иқтисодий жараёндир. Расмий Тошкент 1994 йил, ЖСТга кириш учун мурожаат қилган пайт давлат ҳали режали тизимдан бозор иқтисодиётига ўтиш босқичида эди. Ички ишлаб чиқаришни сақлаб қолиш, импорт оқимини назорат қилиш ва миллий бозорни ташқи рақобатдан ҳимоялаш устувор вазифа сифатида кўрилгани сабаб, халқаро савдо қоидаларига тўлиқ мослашиш осон кечмади.
Ўтган аср 90-йиллари охирига келиб мамлакат иқтисодий сиёсатда эҳтиёткор йўлни танлади. Валюта чеклови, юқори бож тўлови ва давлатнинг кучли иштироки сақланиб қолиши ташқи иқтисодий интеграция суръатини пасайтирди. Айниқса, 1998 йилги Осиё молиявий инқирозидан кейин миллий иқтисодиётни ташқи хавфдан муҳофаза қилиш масаласи биринчи ўринга чиқди. Шу омиллар туфайли ЖСТ билан мулоқот расмий даражада сақланган бўлса-да, амалий силжиш деярли кузатилмади.
2003 йил айирбошлаш тизими қисман эркинлаша бошлади. Ташқи савдо бирмунча жонланса-да, 2005 йилдан кейин музокара яна секинлашди. Кейинги ўн беш йил давомида республикамизнинг ЖСТга кириши халқаро иқтисодий кун тартибида фаол муҳокама қилинмади. Экспертлар бу ҳолатни давлат иқтисодиётидаги юқори марказлашув, импорт ўрнини босиш сиёсати ва ташқи бозорларга нисбатан эҳтиёткор ёндашув билан изоҳлайди.
Вазият 2017 йилдан сўнг тубдан ўзгарди. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бошланган ислоҳотлар ташқи иқтисодий очиқликни кучайтирди. Валюта конвертацияси эркинлашди, хорижий инвесторлар учун янгича шароит яратилди, хусусий сектор имконияти кенгайтирилди. Шу тариқа ЖСТга қўшилиш мамлакат модернизациясининг муҳим йўналиши сифатида қайта кун тартибига чиқди.
2020 йилдан кейин жараён энг фаол босқичга кирди. Ўзбекистон АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари, Хитой, Россия каби йирик иқтисодиётлар билан икки томонлама келишувлар устида иш олиб борди. Миллий қонунчиликни халқаро савдо стандартига мослаштириш учун юзлаб ҳужжат қайта кўриб чиқилди. Айни ўзгаришлар ташқи бозорга чиқиш имкониятини кенгайтириб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни глобал рақобат муҳитига тайёрлаш вазифасини ҳам долзарблаштирди.

Ҳозир Тошкент ЖСТнинг 2026 йилда ўтадиган вазирлар конференциясига қадар аъзоликни расмийлаштириш мақсадини кўзлаган. Кузатувчилар фикрича, сўнгги йиллардаги юқори сиёсий ирода ва тезлашган музокаралар жараён якунланиши эҳтимолини аввалги даврларга нисбатан анча оширган. Шу билан бирга ташкилотга қўшилиш нафақат ташқи савдо имконияти, балки ички иқтисодий рақобат, саноат самарадорлиги ва инвестиция муҳити учун ҳам янги босқични бошлаб бериши мумкин.
ЖСТ аъзолиги Ўзбекистонга нима беради?
Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши нафақат ташқи иқтисодий мақом, балки мамлакат иқтисодий модели учун ҳам янги босқич сифатида баҳоланмоқда. Мутахассислар фикрича, аъзолик экспорт географиясини кенгайтириш, сармоя оқимини кучайтириш ва маҳаллий бозорда рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади. Бинобарин, жараён айрим соҳалар учун жиддий синов даврини ҳам юзага чиқаради.
Асосий ўзгариш ташқи савдода кузатилиши кутиляпти. ЖСТ қоидаси мамлакатларга тенг шароитда маҳсулот сотиш имконини беради. Бу эса ўзбек тўқимачилиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, озиқ-овқат саноати ва айрим саноат тармоқлари учун янги бозор эшикларини очади. Айниқса Европа ва Осиё мамлакатларига экспортда тариф тўсиғи камайиши, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлиги ошиши эҳтимолиюқори.
Аъзолик хорижий сармоядорлар учун ҳам муҳим чақирув, чунки қонун устуворлиги, бозор шаффофлиги ва савдо қоидаси барқарорлигини талаб қиладиган ЖСТ тизими халқаро компаниялар учун хавфни камайтиради. Экспертлар фикрича, йирик ишлаб чиқариш занжирига уланиш логистика ва қайта ишлаш соҳаларида янги лойиҳалар пайдо қилиши мумкин.
Ички бозорда рақобат кескин кучаяди. Импорт маҳсулотлари учун шароит енгиллашиши маҳаллий корхоналарни сифат ва самарадорликни оширишга ундайди. Замонавий технология ва менежментга тез мослаша олмаган айрим тармоқлар босимни кучли ҳис қилиши мумкин. Айниқса юқори ҳимоя остида ишлаб келган корхоналар учун янги муҳит осон кечмайди.
Истеъмолчи нуқтаи назаридан эса танлов имконияти кенгайиши кутиляпти. Бозорга янги брендлар кириб келиши, маҳсулот сифати ошиши ва айрим товарлар нархида барқарорлашув кузатилиши мумкин. Фақат иқтисодчилар қисқа муддатда мослашиш зарурати сабаб, айрим соҳаларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қийинчиликка дуч келиши эҳтимолини ҳам истисно қилмаяпти.

Айни пайт ҳукумат зиммасидаги энг муҳим вазифалардан бири – маҳаллий бизнесни янги муҳитга тайёрлаш. Бунинг учун саноат модернизацияси, экспортчиларни қўллаб-қувватлаш, логистика тизимини яхшилаш ва хусусий сектор имкониятини кенгайтириш ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Акс ҳолда ташқи рақобат айрим йўналишларда муаммони кучайтириши мумкин.
Умуман, ЖСТга аъзолик шунчаки халқаро ташкилотга қўшилиш эмас, балки Ўзбекистон иқтисодиёти янги қоида асосида яшай бошлашни англатади. Натижа эса ислоҳот суръати, ички тайёргарлик ва рақобатга мослаша олиш даражасида намоён бўлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА