Аждодларим фахрланган она тилим
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
Ўзбек тилининг тарихий тараққиёт даври жуда қадимий. Чунки тилимиз ривожланиш даври эрамиздан аввалги даврларга бориб тақаладиган ва бугунги кунда ўттиздан ортиқ тилни ўз ичига олган туркий тиллар оиласига кирувчи тилдир. Фахр билан айтишимиз мумкинки, туркий тилда ёзилган, бизга қадар сақланиб қолган энг кўҳна ёдгорликларимизни ҳам тушуна оламиз. Улардаги кўпгина сўзларнинг айнанлигича сақланиб қолгани ва ҳозир ҳам умумистеъмолда фойдаланилаётгани бунинг сабаби, десак янглишмаймиз. Масалан, халқимизнинг севимли ёзувчиларидан бири Пиримқул Қодировнинг «Тил ва эл» асарида бизгача тўлиқ ҳолда етиб келмаган «Алп Эр Тўнға» достони ҳақида фикр билдирилиб, Алп Эр Тўнға тилидан айтилган қуйидаги мисралар келтирилади:
Биликни югарман,
Кўнгилни тугарман.
Улуғни тиларман,
Тилакни бўларман.
Бундан икки ярим минг йил олдин битилган ушбу сатрлардаги «йиғарман» маъносидаги «югарман» сўзидан ташқари барча сўзнинг маъноси тушунарли. Билим йиғишни кўнглимга тугаман, улуғлик тилайман, тилакни йўқлайман, мазмунидаги юқоридаги тўрт мисра қадимий сатрлар бўлиб, бу сўзларнинг айнанлигича бизга етиб келгани, нутқимизда билим, улуғлик, тилак, тиламоқ каби сўзлар, кўнглига тугмоқ ибораси ҳануз фаол ишлатилаётгани тилимизнинг абадиятга дахлдорлигидан далолатдир.
Қолаверса, эрамизнинг VII-VIII асрларига тегишли бўлган битиктошлар тили ҳам фикримизни яна бир бор тасдиқлайди. «Култегин» битиктошида укасининг ўлимидан эзилган Билга ҳоқон тилидан шундай мисралар келтирилади:
Ўзим сақунтум,
Кўрур кўзум кўрмастек,
Билур билигим билмазтек бўлти.
Ўзим сақунтим,
Онча сақунтим,
Кўзда йаш қалтар.
Бу мисраларда «сақунтим» сўзи «соғиндим» сўзининг, «қалтар» сўзи «қалқийди» сўзининг қадимий шакли бўлиб, қолган сўзлар тушунарли. Яъни укасининг ўлимидан азоб чеккан Билга ҳоқон ўзим соғиндим (укасини), кўрар кўзим кўрмасдек бўлди, билганим эсимдан чиқди, анча соғиндим, қайғудан кўзимдан ёш қалқийди, деб изтироб чекмоқда.
Демак, тилимиз асрлар оша фақат алоқа воситаси вазифасида эмас, балки халқимиз орзу-истаги, қувончи, қайғусини ифодалашга ҳам хизмат қилиб келган. Ёки XI асрда яратилган, бироқ келтирилган мисоллари ундан-да қадимийроқ бўлган Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғати турк» асаридаги ҳар бир шеър, афсона, мақолларга қарасак, тилимиз неча-неча аждодларимизга беминнат хизмат қилиб келаётганини англаймиз:
Улуғлуқуғ бўлса сен эзгу қилин,
Бўлғил кишиг Беклар қатин жахши улан.
Бу мисраларда англаганимиздек, улуғликка (мартаба ва даражага) етишсанг, хулқингни яхши қил, амирлар олдида яхшилик етказувчи бўл, дейилмоқда.
Тарихдан маълумки, тилимиз ўлкамизда ҳукм сурган машҳур подшоликларнинг давлат ишларини юритишдаги асосий тили бўлган. Агар шундай бўлмаганда, машҳур Турк ҳоқони Билга ҳоқон ва унинг саркардаси Тўнюқуқ ўз ҳаёт йўли акс этган битиктошларни шу тилда ёздирмаган бўлар эди. Қорахонийлар даврида яратилган, давлат бошқарувига оид «Қутадғу билиг» асари, буюк саркарда Амир Темурнинг «Темур тузуклари», Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари бу тилда ёзилмас эди.
Тилимиз ўша даврлардаёқ Мовароуннаҳр ва Хуросон бўйлаб кенг тарқалган ва истеъмолда бўлгани сабабли шайх ул-машойих Аҳмад Яссавий ўз «Ҳикматлар»ини шу тилда ёзган ва минглаб ихлосмандларига ислом ғоялари, тариқат одобини шу тилда тушунтирган. Ҳатто ҳикматларида «Отим Аҳмад, Туркистондир элим менинг, Юртим турк, элим турк, тилим туркдир. Тилим кўп тиллардан кўрукликдир» деб ифтихор этганлар.
Тилимиз бир неча юз йиллар аждодларимизнинг она тили ҳисобланиб келгани учун унинг келажаги тўғрисида курашлар, хатти-ҳаракатлар тўхтамаган. Ҳазрат Алишер Навоий умрбоқий асарларини шу тилда ёзган, бу тилнинг бошқа тиллардан қолишмаслигини назарий жиҳатдан «Муҳокамат ул-луғатайн» асари, амалий жиҳатдан «Хамса» асари ва минглаб ғазал-рубоийлари орқали исботлаган. Бу тил илм тили бўла олишини «Мезон ул-авзон» асари билан, расмий баёнда ҳам бошқа тиллардан қолишмаслигини «Вақфия», «Муншаот» асарлари билан далиллаган.
Алишер Навоийнинг тилимиз равнақи борасидаги бу ишлари кейинчалик ҳам давом эттирилган. Айниқса, ўтган асрнинг бошларида тилимизга сиёсий тизимнинг салбий таъсири сезила бошлагач, жадид алломаларимиз тил қайғусини миллат қайғуси даражасига кўтардилар. Улар нафақат Ватан мустақиллиги, халқ эрки учун курашдилар, балки тилимиз софлиги, унинг келажаги хусусида ҳам маълум ишлар олиб бордилар. XX асрнинг бошларида ўзбек тили бўйича дарсликлар, илмий тадқиқотлар яратила бошланди. Тилимиз фидойилари томонидан «Тил сабоқлиги» (1924), «Ўзбекча тил сабоқлиғи» (Мунаввар Қори ва бошқалар. 1925), «Тил қоидалари» (Ш.Зуннун. 1929), «Ўзбек тили қоидалари тўғрисида бир тажриба» (А.Фитрат) каби дарсликлар чиқарилиб, она тилимиз фонетикаси, лексикологияси, грамматикаси, пунктуациясининг ривожланишига туртки бўлди.
Хуллас, қанча-қанча қийинчиликлар, тўсиқларга қарамай, аждодларимиз тилимизни авайлаб, бутун жозибаси, куч-қудратини асослаб, бор имкониятларини далиллаб, ривожлантириб, бизга етказиб беришди. Давлатимиз раҳбари ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда таъкидлаганидек, ота-боболаримиз айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзини айтиб келганлар. Шу тилда буюк маданият намуналарини, улкан илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналар яратганлар. Ва шу орқали тилимизнинг умрбоқий бўлиши, замонлар оша ўлкамизда янграшини таъминлаганлар. Аждодларимиз сингари биз ҳам фахримиз, қадримиз бўлган она тилимизни асрашимиз, келажак авлодга софлигича, бор жилоси билан етказишимиз керак.
Орзибону Юсупова,
Светлана Умирова,
СамДУ ўзбек тилшунослиги
кафедраси доцентлари