Авлодларни боғловчи олтин кўприк ёхуд мовий гумбаз остидаги буюк мерос
Инсоният тарихи шуни кўрсатадики, музейлар халқларнинг маданий генофондини ва миллий ўзлигини асраб-авайловчи муқаддас хазинабон, мозий ва келажакни боғловчи олтин кўприк. Дунё тамаддуни бешикларидан бири бўлган Ўзбекистон заминида ҳам музейшунослик бой тарих ва чуқур илмий асосларга эга.
Бугун Янги Ўзбекистон заминида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуслари билан музейлар фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш ва мазмунан янгилаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Глобаллашув даврида жамият аъзолари, айниқса, ёшлар қалбида ватанпарварлик, миллий ғурур ва аждодларга муносиб ворис бўлиш туйғусини тарбиялашда музейларнинг ўрни ва аҳамиятини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Зеро, ўз тарихини жонли кўз билан кўрган, ноёб қўлёзмалар нафасини ҳис қилган ёш авлод қалбида Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишга бўлган юксак шижоат уйғониши табиийдир.
Мана шундай улуғвор маънавий мақсадлар рўёби сифатида, пойтахтимиз марказида мовий гумбази билан салобат тўкиб турган Темурийлар тарихи давлат музейи ташкил этилганига жорий йилнинг 18 октябрь куни роппа-роса 30 йил тўлади.
Бундан ўттиз йил аввал — 1996 йилнинг кузида, соҳибқирон Амир Темур бобомиз таваллудининг 660 йиллик қутлуғ тўйи доирасида ушбу музей эшиклари илк бор очилган эди. Ўша тарихий кунда бор-йўғи бир неча юзлаб экспонат билан иш бошлаган илмий маскан, бугунги кунда халқимизнинг шонли ўтмишига бўлган юксак эҳтиромимизнинг энг ёрқин ва муаззам тимсолига айланди. Йиллар давомида тинимсиз изланишлар, археологик қазишмалар ва халқаро ҳамкорликлар натижасида музей фонди изчил бойитиб борилди. Бугунги кунда музей хазинасида 7 мингдан ортиқ ноёб тарихий ашёлар, темурийлар даврига оид жанг қуроллари, нодир қўлёзмалар, маданият ва санъат дурдоналари кўз қорачиғидек асралмоқда. Музей заллари бўйлаб юрар экансиз, гўёки сизни ўша шонли асрларнинг шиддати, бунёдкорлик руҳи ва юксак тафаккур нафаси қуршаб олгандек бўлади.

Албатта, вақт ўтгани сайин замон талаблари ҳам ўзгариб бориши табиий. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тарихий адолатни тиклаш, аждодларимизнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссасини илмий асосда кенг ёритишга қаратилган бевосита ташаббуслари ва махсус қарорлари асосида Темурийлар тарихи давлат музейида кенг кўламли, туб реконструкция ишлари амалга оширилди.
Реконструкция жараёнида энг илғор хорижий тажрибалар ва замонавий музейшунослик талаблари уйғунлаштирилди. Хусусан, музей биносининг ички экспозиция заллари бутунлай янгиланиб, сунъий интеллект ва рақамли технологиялар билан жиҳозланди. Эндиликда музейга қадам қўйган ташриф буюрувчи "Буюк Соҳибқирон – Иккинчи Ренессанс асосчиси" номли янги бўлим орқали ўша даврнинг илм-фани, фалакиёти, меъморчилиги ва дипломатиясини яхлит тизим сифатида кўра олади. Инновацион 3D хариталар ва смарт-экранлар эса темурийлар давлатининг ҳарбий юришлари ва дипломатик алоқаларини жонли, визуал тарзда намойиш этиб, томошабинни мозий бағрига чуқурроқ олиб киради. Эътиборли жиҳати шундаки, янгиланган музей хазинаси нафақат юртимиздаги осори-атиқалар, балки дунёнинг нуфузли архив ва тўпламларидан олиб келинган ноёб тарихий манбалар билан ҳам бойитилди.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, Темурийлар тарихи давлат музейи — шунчаки қадимий ашёлар томоша қилинадиган кўргазма зали эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси тизимидаги йирик ва нуфузли илмий-тадқиқот маркази.
Ушбу гумбаз остида маданиятимиз ва тарихимизнинг жонкуярлари, таниқли темуршунос ва бобуршунос олимлар тун-у кун илмий изланишлар олиб бормоқда. Бугунги кунда музейнинг бир қатор йирик темуршунос ва музейшунос олимлари, малакали мутахассислар, ёш тадқиқотчиларининг Амир Темур ва Темурийлар даври давлатчилиги, дипломатияси, маданияти ва ёзма ёдгорликларини тадқиқ этиш, шунингдек жаҳон тажрибаси асосида замонавий музейшунослик тараққиётини кенг ўрганиш ва Ўзбекистон музейларида татбиқ этиш борасидаги монографиялари, илмий-бадиий мақолалари соҳа ривожида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Темурийлар тарихи давлат музейининг 30 йиллик тўйи — шунчаки бир тарихий санани нишонлаш эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг ўз муаззам ва шонли ўтмишига бўлган чексиз эҳтироми, юксак садоқати ва келажак олдидаги юксак масъулиятининг ёрқин намойиши. Давлатимиз раҳбари томонидан аҳолини, айниқса, ёш авлодни музейларга тизимли ва изчил тарзда жалб этиш вазифаси бежиз илгари сурилмади. Зеро, ушбу муаззам маскан — миллатнинг маънавий руҳияти тобланадиган, халқимиз интеллектуал салоҳиятининг тарихий илдизлари намоён бўладиган ҳамда ёшларимиз қалбида ватанпарварлик туйғуларини юксалтирадиган чинакам илм, маданият ва жонли маърифат маркази.
Koмилжон СУЛТОНОВ,
Ўз РФА Темурийлар тарихи давлат музейи катта илмий ходими,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори,
Шаҳноза МИРАЛИЕВА,
Ўз РФА Темурийлар тарихи давлат музейи директор ўринбосари,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.
ЎзА