Сув хўжалиги соҳасининг фаол ва ташаббускор аёллари тақдирланди
Бугун, 15 октябрь - Халқаро қишлоқ аёллари куни муносабати билан Сув хўжалиги вазирлигида “Сув хўжалиги соҳасининг аёли - 2026: Касбим - фахрим” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Сув хўжалиги вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, “Аграр соҳа аёллари” уюшмаси, “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” вакиллари, тизим ташкилотлари масъуллари ҳамда ҳудудлардан келган фаол ва ташаббускор хотин-қизлар иштирок этди.
Тадбирни очиб берган сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев иштирокчиларни байрам билан табриклаб, соҳада меҳнат қилаётган аёлларнинг фидойилиги, касбий маҳорати ва тармоқ ривожига қўшаётган ҳиссасини алоҳида таъкидлади.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, касбий салоҳиятини ошириш ва жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада сув хўжалиги тизимида ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, вазирлик ва идоралар орасида биринчилардан бўлиб сув хўжалиги соҳасининг гендер концепцияси ишлаб чиқилган. Ушбу ҳужжат хотин-қизлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, касбий маҳоратини ошириш ва раҳбарлик салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади.
Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроевнинг сўзларига кўра, бугунги кунда тизимда 33 минг нафардан зиёд ходим фаолият юритмоқда. Уларнинг қарийб 2 минг 200 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Бу рақамлар аёлларнинг соҳадаги иштироки ва зиммаларидаги масъулиятли вазифаларнинг аҳамиятини яққол кўрсатади.
– Сув хўжалиги - шарафли, шу билан бирга, катта масъулият ва матонат талаб этадиган соҳа. Каналлар, насос станциялари, гидротехника иншоотлари, дала ва лабораторияларда, муҳандислик ҳамда бошқарув йўналишларида фаолият юритаётган мутахассислар зиммасида муҳим вазифалар бор. Айниқса, йилнинг турли фаслларида, жазирама иссиқ ва қаҳратон совуқда ҳам аҳолига сув етказиб бериш йўлида хизмат қилаётган инсонларнинг меҳнати юксак эътирофга лойиқ.
Қувонарлиси, бугун хотин-қизларимиз ҳам ушбу масъулиятли соҳада эркаклар билан елкама-елка туриб, ўз билим ва тажрибаси, фидойилиги ҳамда матонати билан самарали меҳнат қилмоқда. Улар нафақат ўз касбининг етук мутахассислари, балки оилада ҳам муҳим ўрин тутиб, фарзандлар тарбияси ва жамият равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда, – деди вазир.

Таъкидлаш жоизки, бу йилги “Сув хўжалиги соҳасининг аёли - 2026: Касбим - фахрим” танлови Швейцария тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган «Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш миллий лойиҳаси” доирасида ташкил этилди.
Танловда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан келган сувчи аёллар ўзларининг касбий маҳорати, ташаббускорлиги, кўп йиллик тажрибаси ва касбига садоқатини намоён этди. Иштирокчилар орасидан ўз фаолиятида алоҳида натижаларга эришган, соҳанинг ривожига муносиб ҳисса қўшаётган аёллар танлов ғолиблари сифатида эътироф этилди.
Маросим якунида танлов ғолиблари тақдирланди. Тадбир Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Матлуба Дадабоева ижросидаги “Сен ўзингни асрагил, аёл!” қўшиғи билан янада кўтаринки руҳда давом этди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА