Атом энергияси соҳасида шаффофлик – ишонч ва масъулият мезони
Давлат бошқарувида очиқлик, шаффофлик ва қонун устуворлигини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидандир.
Стратегик аҳамиятга эга соҳаларда коррупциявий хавф-хатарларни ўз вақтида аниқлаш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва қабул қилинаётган қарорларнинг холислигини таъминлаш алоҳида масъулият талаб этиши айниқса долзарб.
Давлат бошқарувида очиқлик, шаффофлик ва қонун устуворлигини таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидандир. Стратегик аҳамиятга эга соҳаларда коррупциявий хавф-хатарларни ўз вақтида аниқлаш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва қабул қилинаётган қарорларнинг холислигини таъминлаш алоҳида масъулият талаб этиши айниқса долзарб.
Атом энергиясидан фойдаланиш соҳаси ҳам шундай йўналишлардан. Ушбу соҳада йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, илғор технологияларни жорий этиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва малакали мутахассисларни жалб қилиш жараёнлари самарали бошқарув билан бир қаторда юқори даражадаги очиқлик ва масъулиятни талаб этади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергияси агентлиги ва унинг тизим ташкилотларида ҳам коррупциянинг олдини олиш, унинг келиб чиқишига имкон яратувчи омилларни бартараф этиш ҳамда фаолиятнинг барча йўналишларида ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Жумладан, 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида Агентлигимизнинг коррупцияга қарши курашиш сиёсати, манфаатлар тўқнашувини бошқариш, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш, ходимларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш ҳамда ички назорат фаолиятига оид бошқа идоравий ҳужжатлар амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлаштирилиб, такомиллаштирилди. Бу орқали коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланди.
Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш профилактика ишларининг муҳим таркибий қисмидир. Шу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 майдаги ПҚ-240-сон қарори талабларига мувофиқ, 2026 йилда "Ўзатом" агентлигининг барча 52 та функциясидаги коррупциявий хавф-хатарлар "E-anticor.uz" электрон платформаси орқали баҳолашдан ўтказилди.
Баҳолаш натижалари асосида коррупциявий хавф-хатарлар харитаси ва уларни камайтиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Ҳар бир таркибий бўлинма ва тизим ташкилотининг вазифалари белгилаб берилиб, уларнинг ижроси юзасидан мунтазам ахборот тақдим этиш ва мониторинг олиб бориш тартиби йўлга қўйилди. Бундай ёндашув хавф-хатарларни фақат аниқлаш эмас, балки уларнинг олдини олишга қаратилган аниқ чораларни белгилаш имконини беради.
Коррупциянинг олдини олишда манфаатлар тўқнашувини самарали бошқариш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикасининг "Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида"ги қонуни талабларига мувофиқ, Агентлик ва тизим ташкилотлари ходимлари томонидан 2026 йил учун тегишли декларациялар тўлдирилди. Тақдим этилган маълумотлар таҳлил қилиниб, эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини назорат қилиш ва уларнинг амалда юзага келишига йўл қўймаслик юзасидан профилактик чоралар белгиланди. Бу, ўз навбатида, хизмат вазифаларини бажаришда шахсий манфаатларнинг қарорлар холислигига таъсирини чеклашга қаратилган.
Давлат харидларида очиқлик ва қонунийликни таъминлаш ҳам доимий эътиборимиз марказида. "Ўзатом" агентлигида харид жараёнлари "Давлат харидлари тўғрисида"ги қонун ва белгиланган ички тартиб-таомиллар асосида ташкил этилиб, тегишли маълумотлар расмий веб-сайтда эълон қилиб борилмоқда. Шунингдек, контрагентларни текшириш, шартномавий муносабатларда коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг мақсадли сарфланишини назорат қилишга алоҳида аҳамият берилмоқда.
Кадрлар билан ишлашда ҳам шаффофлик ва тенг имкониятлар тамойилларига амал қилинмоқда. Жумладан, вакант лавозимларга танловлар давлат фуқаролик хизматининг ягона очиқ портали орқали ташкил этилмоқда ҳамда ишга қабул қилинаётган номзодлар белгиланган тартибда текширишдан ўтказилмоқда. Бунда асосий мақсад кадрларни танлаш жараёнида холисликни таъминлаш ва эҳтимолий коррупциявий хавф-хатарларнинг олдини олишдан иборат.
Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашишнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан ходимларнинг ҳуқуқий маданияти ва шахсий масъулиятига боғлиқ. Агентликда ҳалоллик, касбий этика ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган таълим ва тарғибот ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда.
Хусусан, Агентлик ва тизим ташкилотлари ходимлари Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясининг "Коррупцияга қарши курашиш виртуал академияси"электрон платформасида махсус ўқув курсларида ўқитилмоқда. Бундан ташқари, коррупциявий хавф-хатарларни баҳолаш, манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш, номзодларни текшириш ҳамда коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш масалаларида семинар ва давра суҳбатлари ташкил этилди.
Мазкур тадбирлар ходимларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш билан бирга, кундалик хизмат фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган коррупциявий хавф-хатарларни англаш, уларнинг олдини олиш ва қонуний қарорлар қабул қилиш кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Бу борадаги ишларнинг муҳим натижаларидан бири «Ўзатом» агентлигида ISO 37001:2025 халқаро стандарти талабларига мувофиқ коррупцияга қарши менежмент тизимининг жорий этилиши бўлди. 2026 йилнинг июль ва октябрь ойларида халқаро сертификатлаш органи аудиторлари томонидан Агентликнинг мазкур йўналишдаги фаолияти аудитдан ўтказилди. Аудит якунларига кўра, «Ўзатом» агентлигининг коррупцияга қарши менежмент тизими ISO 37001:2025 халқаро стандарти талабларига мувофиқ деб топилди ва тегишли мувофиқлик сертификати қўлга киритилди.
Ушбу натижа "Ўзатом" агентлигида коррупциявий хавф-хатарларни бошқариш, ички назоратни амалга ошириш ва профилактик чораларни тизимли ташкил этиш борасидаги ишларнинг халқаро стандартлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлайди. Шу билан бирга, мазкур стандартни жорий этиш доимий такомиллашувни, бошқарув механизмларининг амалий самарадорлигини мунтазам баҳолаб боришни талаб қилади.
Сертификатлаш жараёнида ички назорат тузилмаси ходимларининг малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, улар ISO 37001:2025 стандарти бўйича менежер ва ички аудитор дастури асосида махсус курсларда ўқитилди ва тегишли сертификатларга эга бўлди.
Албатта, коррупцияга қарши курашишнинг муҳим шартларидан яна бири жамоатчилик билан очиқ мулоқот ва самарали алоқа механизмларининг мавжудлигидир. Шу мақсадда Агентлик ва тизим ташкилотларида коррупциявий хатти-ҳаракатлар тўғрисидаги хабарларни қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш тартиби белгиланган. Расмий ахборот каналларида ишонч телефонлари ҳақидаги маълумотлар эълон қилиниб, фуқаролар ва ходимларнинг тегишли мурожаатларни йўллаши учун имконият яратилган.
Биз учун энг муҳим масала коррупцияга қарши курашиш бўйича белгиланган талабларнинг фақат ҳужжатларда эмас, балки кундалик фаолиятда ҳам изчил бажарилишини таъминлашдир. Зеро, самарали ички назорат, очиқ бошқарув, холис қарорлар ва шахсий масъулият бир-бирини тўлдирувчи муҳим омиллардир.
Келгусида ҳам "Ўзатом" агентлигида коррупциявий хавф-хатарларни камайтириш, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, давлат харидларида шаффофликни таъминлаш, ходимларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда халқаро стандартларга асосланган бошқарув тизимини такомиллаштириш устувор вазифаларимиздан бўлиб қолади.
Ишончимиз комилки, ҳалоллик ва қонун устуворлиги ҳар бир ходимнинг кундалик фаолият мезонига айланган, очиқлик ва масъулиятга асосланган бошқарув тизими атом энергиясидан фойдаланиш соҳасининг барқарор ривожланиши ҳамда жамоатчилик ва ҳамкорлар ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Азим Аҳмедхўжаев,
"Ўзатом" агентлиги директори.
ЎзА.