Аскарлар махсус курсларда ўқишга тайёрланмоқда
Мудофаа вазирлигининг Сурхондарё вилоятидаги Термиз, Хайробод ва Какайди гарнизонларида жойлашган ҳарбий қисмларда олий таълим муассасаларига ўқишга кириш истаги бўлган муддатли ҳарбий хизматчилар учун махсус тайёрлов курслари ташкил этилди. Ўқув курсларида уларга замонавий касб-ҳунар ўргатилмоқда. Олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун тайёрламоқда.
Машғулотлар замонавий усулда жиҳозланган хоналарда ҳарбий қисм командирлари, бириктирилган умумтаълим мактаблари директорлари ва хусусий таълим марказлари раҳбарлари ҳамкорлигида олиб борилмоқда.

Жанубдаги ҳарбий қисмларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2026 йил 13 январь куни бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан Қуролли Кучлар тизимида муддатли ҳарбий хизматчиларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириши учун қулай шарт-шароит яратиб, замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шунга мувофиқ айни пайтда муддатли ҳарбий хизматчилар тажрибали ва малакали устозлар кўмагида фанлар бўйича билимларини мустаҳкамлаб, кириш имтиҳонларига пухта тайёргарлик кўрмоқда. Шунингдек, ҳарбий қисм ва муассасалардан саралаб олинган беш минг нафар ҳарбий хизматчига “Бир миллион дастурчи” ва “Беш миллион сунъий интеллект етакчиси” дастурлари доирасида соҳа сирлари босқичма-босқич ўргатилмоқда.

Тинч, тотув ва тўкин турмушимизни таъминлаётган муддатли ҳарбий хизматчиларга яратилган бу имконият миллий армиямизни ҳақиқий ҳаёт мактабига айлантириб, Ватанга содиқ, юқори интеллектуал салоҳиятга эга, жисмонан соғлом ва замонавий билимларни чуқур эгаллаган ёшларни тарбиялашда муҳим омил бўлади. Ҳарбий хизматни ўташ даврида касб ўрганишига, олий таълим муассасаларига ўқишга киришига кўмаклашиш орқали мард, жасур ўғлонларнинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашига қулай муҳит яратади. Ҳарбий хизматчиларнинг бўш вақтларидан унумли фойдаланиб, билим олиш, касб эгаллаш ва шахсий ривожланишини янада кенгайтириб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири