Қашқадарёда депутатлар дорихоналар фаолиятини ўрганди
Пандемия шароитида дорихоналардаги аҳвол, яратилган шароитлар ва дори-дармонларнинг нархлари депутатлар томонидан ўрганилди.
Маълумки жорий йилнинг 14 июль куни Давлатимиз раҳбари бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида дорихоналар фаолияти қаттиқ танқид қилинди ва ҳудудларда аҳоли учун зарур дори маҳсулотлари захирасини яратиш бўйича тегишли топшириқлар берилди. Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилоят ҳокимлиги томонидан Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутатлари иштирокида ишчи гуруҳ тузилиб, дорихоналар фаолияти ўрганилди.
«Қашқадарё дори - дармон» масъулияти чекланган жамияти ходимлари ҳамда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатларидан ташкил топган ишчи гуруҳ вакиллари Қарши шаҳри ҳамда Нишон туманида фаолият юритаётган дорихоналарда бўлди. Пандемия шароитида дорихоналардаги аҳвол, яратилган шароитлар ва дори-дармонларнинг нархлари депутатлар томонидан ўрганилди.
Маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятда 830 та хусусий дорихона ва дорихона филиаллари мавжуд. Уларнинг 214 таси Қарши шаҳрида, 40 таси Нишон туманида фаолият кўрсатиб келмоқда. Шу билан бир қаторда, «Қашқадарё дори - дармон» масъулияти чекланган жамияти тасарруфида эса 113 дорихона ва дорихона шаҳобчалари бор. Айни дамда жамиятнинг Қарши шаҳрида 6 та, Нишон туманида 7 та шаҳобчалари ўз ишини давом эттириб келмоқда.

– Ишчи гуруҳ вакиллари билан дастлаб Қарши шаҳридаги харидорлари кўп дорихоналарда бўлдик, – дейди Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Нилуфар Ўтаганова. – Аммо гувоҳи бўлганингиздек, уларда фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун умуман шароит яратилмаган. Карантин қоидаларига риоя этилмаяпти. Ижтимоий масофани сақлашдаги чизиқлар чизилмаган, қизил лента тортилмаган ҳаттоки, биронтасида рисоладагидек ҳарорат ўлчагич қуйилмаган.
Борлари ҳам номига иш юритмоқда. Энг ёмони вирус ва иситмага қарши препаратлар нархи асоссиз юқори нархларда сотилмоқда. Албатта, бу харидорларнинг ўринли эътирозига сабаб бўлади.
Биз депутатлар ушбу муаммолар юзасида ўз таклифларимизни бердик. Масалан, нархи асоссиз оширилаётган дори воситаларини марказлашган ҳолда ва белгиланган нархда тарқатилса, аҳоли учун ҳам тадбиркорлар учун ҳам фойдали бўлади.

Албатта вилоятда фармацевтика соҳасида бизнес билан шуғулланаётган ибрат олишга арзийдиган тадбиркорлар ҳам йўқ эмас. Жумладан, депутатлар Қарши шаҳридаги «Аср-миттифарм мед сервис» МЧЖ дорихонасига кираверишда дезинфекция туннеллари ўрнатилганини, шунингдек Нишон туманидаги «7/7» ва «Каромова Юлдуз» ХК қарашли дорихоналарда карантин қоидалари тўлиқ риоя этилаётганини гувоҳи бўлди. Нарх наволари ҳам жойида.
Ишчи гуруҳ вакиллари бугунги кунда эҳтиёж кўп сезилаётган коронавирус касаллиги профилактикаси ва турли инфекцияларга қарши қўлланиладиган дори воситаларнинг рўйхатини шакллантириб, жойларда ушбу маҳсулотларнинг нархи ва етказилишини ўрганди. Аён бўлдики, вилоятда фаолият кўрсатаётган кўплаб дорихоналарда, пандемия шароитида талаб юқори бўлган вирус ва иситмага қарши препаратлар захираси деярли юқ. Борлари ҳам маълум муддатга етади. Нархлардаги ўсишни эса, назоратга олиш зарур.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, инсон саломатлиги ҳамма нарсадан муҳим. Бугун давлатимиз томонидан олиб борилаётган изчил сиёсатнинг таг замирида ҳам инсонлар учун фаровон ҳаётни таъминлаш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишдек эзгу мақсадлар ётади. Бу ҳам бўлса, ҳар бир инсон соғлиги эътиборда эканидан далолат.