Арманистонда сайлов натижалари маълум бўлмоқда (+видео)
Арманистондаги парламент сайловларида бош вазир Никол Пашиняннинг «Фуқаровий шартнома» партияси етакчилик қилмоқда, деб хабар берди ВВС нашри.
Экспертлар бу натижа арман жамияти Қорабоғ йўқотилишини унутгани ёки Пашинян сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватлаётганини англатмайди, деб ҳисоблайди. Аксинча, сайловчиларнинг катта қисми амалдаги бош вазирга муносиб муқобил кўрмаганини кўрсатади. Норасмий маълумотларга кўра, Пашинян партияси овозларнинг 56–70 фоизини олган. Якуний натижалар ҳали эълон қилинмаган бўлса-да, Пашинян ўз партиясининг ғалабасини маълум қилди ва ҳукуматни мустақил шакллантиришини айтди.
Сўнгги йилларда Арманистон иқтисодиёти барқарор ўсди. Бироқ бу ўсишнинг катта қисми ташқи омиллар ҳисобига, яъни Украина уруши ортидан келган россияликлар, капитал оқими ва қайта экспорт ҳисобига таъминлангани айтилади.
Мухолифат ҳам ўзини уруш тарафдори эмаслигини таъкидлаган, аммо Пашинян тарафдорлари тинчлик ва модернизация ғоясини кўпроқ ишончли тарзда тақдим эта олди. Сайлов олдидан бир қатор мухолифат вакиллари ва танқидчиларга қарши жиноят ишлари қўзғатилди.
Мутахассисларнинг фикрича, бу сайловлар кўплаб сиёсатчилар учун оддий сиёсий рақобат эмас, балки тақдир масаласига айланган. Овоз беришда сайловчиларнинг қарийб 59 фоизи қатнашган. Бу 2017 йилдан буён қайд этилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Жанубий Кавказда Россия таъсири сусайиб бормоқда ва Арманистон янги ташқи сиёсий йўл излаяпти. Шунинг учун мамлакат бир вақтнинг ўзида Россия, Ғарб, Эрон ва бошқа кучлар билан муносабатларни сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда. Пашиняннинг навбатдаги ғалабаси ҳам айнан шу мураккаб геосиёсий шароитда мамлакатни бошқариш учун сайловчилар ҳозирча ундан яхшироқ вариант кўрмаётганини намоён қилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/VIIme2lOGls" title="Armanistonda saylov natijalari ma’lum bo‘lmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев (видео),ЎзА