Аргентина элчиси билан учрашув
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Аргентина Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган (қароргоҳи Москва шаҳрида) Эдуардо Антонио Зуайнни қабул қилди.
Ишонч ёрлиғини топшириш маросими билан бошланган учрашув аввалида В.Норов Элчига дипломатик миссиясини амалга оширишда муваффақият тилади.
Суҳбат чоғида Ўзбекистон - Аргентина ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболи муҳокама қилинди.
Томонларнинг конструктив сиёсий мулоқотни фаоллаштиришга тайёрлиги таъкидланди. Ўзаро алоқанинг шартномавий-ҳуқуқий асосини кенгайтириш, парламент дипломатиясини ривожлантириш, вазирликлараро маслаҳатлашувлар ўтказиш, шунингдек, халқаро институтлар доирасидаги саъй-ҳаракатни мувофиқлаштириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
[gallery-7689]
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, Ўзбекистон иқтисодиётига Аргентина капиталини жалб этиш, инвестицияларни ҳимоя қилиш ва икки томонлама солиққа тортишдан сақланиш тўғрисида битим тузиш, Аргентина бизнес-субъектлари делегациясининг мамлакатимизга ташрифини ташкил этиш орқали савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлиги қайд этилди.
Элчи Аргентина компаниялари Ўзбекистонда турли соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширишдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Маданий-гуманитар алоқани мустаҳкамлашга ўзаро интилиш тасдиқланди. Томонларнинг икки мамлакат ҳудудида ўтказиладиган кинофестиваллар ва бошқа тадбирларда иштирок этиш, кадрлар тайёрлашда олий таълим муассасалари шериклигини кенгайтириш, спорт соҳасидаги муносабатни ривожлантириш, сайёҳлик алмашувини жадаллаштириш масалаларини ўрганиб чиқишга тайёрлиги маълум қилинди.
Эдуардо Антонио Зуайн таъкидлаганидек, Аргентина Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси амалга оширилиши жараёнини катта қизиқиш билан кузатиб боради, республиканинг ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида кечаётган ўзгаришларни олқишлайди. Буэнос-Айрес Ўзбекистон билан ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришни устувор вазифа деб билади ва бу борада қатъий амалий чоралар кўришга тайёр.
ЎзА