АҚШ–Эрон келишуви: Яқин Шарқда кескинлик юмшайдими?
Яқин Шарқдаги геосиёсий вазият ҳамон жаҳон ҳамжамияти диққат марказида. АҚШ ва Эрон ўртасида юзага келган ҳарбий кескинлик нафақат минтақавий хавфсизлик, балки глобал энергетика бозори, денгиз логистикаси ва халқаро дипломатияга ҳам жиддий таъсир кўрсатди.
Шундай мураккаб шароитда Вашингтон ва Теҳрон ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланиши халқаро миқёсда муҳим дипломатик воқеа сифатида баҳоланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳам мазкур келишувни кескинликни юмшатиш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни тиклаш йўлидаги муҳим қадам сифатида олқишлади.
ЎзА мухбири сиёсий фанлар доктори, профессор Сайфиддин Жўраевнинг АҚШ ва Эрон ўртасидаги янги келишув, ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳияти, минтақавий ва халқаро таъсири ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.
– АҚШ ва Эрон ўртасида имзоланган меморандумнинг асосий аҳамияти нимада?

– Тўлиқ тинчлик битими деб бўлмайдиган бу ҳужжатни ҳарбий қарама-қаршиликнинг энг кескин босқичини вақтинча тўхтатувчи сиёсий механизм, дейиш мумкин.
Меморандумга кўра, томонлар 60 кун ичида якуний келишув шартини ишлаб чиқиши лозим. Асосий масалалар – Эрон ядро дастури, уранни бойитиш даражаси, санкцияни юмшатиш ва Ҳурмуз бўғозида эркин ҳаракатни таъминлаш.
Маълумотга кўра, Эронда тахминан 440 килограмм 60 фоиз даражада бойитилган уран мавжуд. Бу техник жиҳатдан қурол даражасига яқин кўрсаткич ҳисобланади. Шу боис айнан ядро дастури музокаранинг энг мураккаб қисми бўлиб қолмоқда.
– Нега Ўзбекистон мазкур келишувни алоҳида қўллаб-қувватлади?
– Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим тамойилларидан бири низоларни фақат дипломатик йўл билан ҳал қилишдир. Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида ҳам халқаро ҳуқуқ, ўзаро ҳурмат ва барча томонлар манфаатини ҳисобга олиш асосида муаммони ҳал этиш тинчликнинг асосий шарти экани таъкидланди.
Бундай ёндашув тасодиф эмас. Зеро, Яқин Шарқдаги ҳар қандай эскалация Марказий Осиё иқтисодиётига бевосита таъсир қилади. Айниқса, энергетика нархи, транзит йўлаги ва ташқи савдо занжири бу жараёнга жуда сезгир.
– Келишув жаҳон нефть бозорига қандай таъсир қилди?
– Жуда кучли таъсир кўрсатди. Можаро авжига чиққан пайт “Brent” нефти нархи баррели учун 114-115 долларгача кўтарилди. Ҳурмуз бўғози амалда ёпилиши бозорда жиддий хавотир уйғотди. Меморандум имзолангандан кейин эса вазият нисбатан барқарорлашди ва нефть нархи 78-80 долларга тушди. Табиийки, бозор иштирокчилари вазият юмшаганини ижобий қабул қилди.
Ҳурмуз орқали жаҳон нефть таъминотининг қарийб бешдан бир қисми ўтади. Демак,бўғоз очиқ ёки ёпиқ бўлиши глобал иқтисодиёт учун ҳал қилувчи омиллардан биридир.
– Келишув қанчалик барқарор?
– Бу борада эҳтиёткор бўлиш керак. Меморандум асосан сиёсий келишув, ҳужжатнинг асосий қисми оғзаки мажбуриятга таянади. Кўп механизмлар муваққат ва шартли хусусиятга эга. Эрон учун санкция енгиллашуви музокара силжишига боғланган. АҚШ эса келишув барбод бўлса, босим чорасини қайта кучайтиришини яширмаяпти.
Асосий муаммо шундаки, тарафлар учун “қизил чизиқ” ҳали сақланган. Эрон уранни бойитиш ҳуқуқидан воз кечишни истамайди. АҚШ эса ядро қуроли яратиш имкониятини бутунлай бартараф этиш талабини қўймоқда.
– Бу жараён Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон учун нимани англатади?
– Биз учун ҳам имконият, ҳам хавф бор. Ижобий томони шуки, жанубий транзит йўлаклари фаоллашиши мумкин. Эрон Марказий Осиё давлатлари учун Ҳинд океани ва Жанубий Осиё бозорига чиқишда муҳим логистик кўприк ҳисобланади.
Ўзбекистон учун, айниқса, Ашхобод келишуви ва Эрон портлари орқали ташқи савдони диверсификация қилиш имконияти кенгаяди. Транзит харажати пасайиши ҳам мумкин. Бироқ хавф ҳам бор: келишув муваққат. Кескинлик қайта кучайса, логистика занжири яна издан чиқади.
АҚШ ва Эрон ўртасидаги меморандумни тўлиқ тинчлик, дея баҳолашга ҳали эрта.
Бу – урушни тугатган битим эмас, балки кескинликни вақтинча пасайтирган дипломатик тўхтам. Ҳақиқий самара кейинги 60 кун ичида юзага чиқади.
Энг муҳим саволлар ҳали очиқ: ядро дастури тақдири, санкция келажаги ва минтақадаги ҳарбий мувозанат.
Шу маънода Ўзбекистоннинг дипломатия, мулоқот ва сиёсий муроса тамойилига асосланган позицияси бугун ҳар қачонгидан долзарб кўриняпти. Яқин Шарқда барқарор тинчликка эришиш нафақат минтақа, балки бутун жаҳон хавфсизлиги учун муҳим аҳамият касб этади.
Д.Ҳакимов, ЎзА