Аномал иссиқда ёввойи табиат муҳофаза остида
Республикада кузатилаётган аномал иссиқ шароитида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини асраш, ёнғин хавфининг олдини олиш ҳамда табиатга салбий таъсирларни камайтириш бўйича чора-тадбирлар янада кучайтирилди.
Жумладан, Самарқанд вилоятидаги Зарафшон миллий табиат боғида ёнғин хавфи юқори бўлган ҳудудларда назорат ва патруллик ишлари кучайтирилди. Ёввойи ҳайвонлар ҳамда Қизил китобга киритилган ноёб турлар учун ташкил этилган сунъий сув ичиш жойлари мунтазам сув билан таъминланмоқда. Волерларда парваришланаётган Бухоро буғулари учун сунъий сув ҳавзалари тўлдирилиб, доимий назоратга олинди. Шунингдек, ҳудуднинг муҳим нуқталарига катта ҳажмли сув сиғимлари ўрнатилиб, ёнғинга қарши техника ва жиҳозлар шай ҳолатга келтирилди.
Навоий вилоятидаги «Марказий Қизилқум» миллий табиат боғида ҳам ёввойи ҳайвонлар ва қушларнинг сувга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида табиий ҳамда сунъий сув манбалари доимий кузатувга олинган. Мутахассислар сув ичиш жойларини мунтазам кўздан кечириб, сув захираларини тўлдирмоқда ва зарурат туғилган ҳудудларда қўшимча сув манбаларини ташкил этмоқда.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикасидаги «Судоче-Акпетки» ва «Барсакелмас» давлат буюртма қўриқхоналари, Навоий вилоятидаги «Оқтоғ–Томди» давлат қўриқхонаси, Жиззах вилоятидаги Зомин давлат қўриқхонаси, Сурхондарё вилоятидаги Сурхон давлат қўриқхонаси ҳамда Хоразм ва Бухоро вилоятлари ҳудудида жойлашган Қизилқум давлат қўриқхонасида ёнғин хавфсизлигига бағишланган семинарлар ва амалий ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай чора-тадбирлар нафақат аномал иссиқнинг ҳайвонот ва ўсимлик дунёсига салбий таъсирини камайтириш, балки ноёб турларни сақлаб қолиш, экологик мувозанатни таъминлаш ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда ёнғинларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА