Андижонлик каратэчилар ғолиб бўлди
Андижонда мустақиллик байрамимизнинг 30 йиллиги олдидан “Спорт – саломатлик гарови” шиори остида Фарғона водийси вилоятлари ёш каратэчилари иштирокида мусобақа бўлиб ўтди.
O’zLiDeP Андижон вилоят кенгаши Ёшлар қаноти, вилоят “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси ҳамда Киёкусинкай каратэ федерацияси ҳамкорлигида “Спорт – саломатлик гарови” шиори остида спортнинг “киёкусинкай каратэ” тури бўйича ўтказилган очиқ турнирда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларининг қизлар ва ўсмирлар жамоалари иштирок этди.

– Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган муҳим беш ташаббус бўйича белгилангавн вазифалар ижросини таъминлаш, мустақиллик байрамини муносиб кутиб олиш, қолаверса, спортнинг каратэ тури оммавийлигини ошириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган мусобақа қизғин беллашувларга бой бўлди, – дейди O’zLiDeP Андижон вилоят кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Элёрбек Ниязов. – Мусобақада Фарғона водийси вилоятларининг 120 нафарга яқин ёш каратэчилари турли вазнларда ғолиблик учун ўзаро баҳслашди.

Коронавирус юқиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган карантин қоидаларига амал қилинган ҳолда, қизиқарли курашлар остида ўтган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, андижонлик ёш каратэчилар умумжамоа ҳисобида биринчи ўринга сазовор бўлди.
Ғолиб ва совриндорлар мусобақа ташкилотчилари томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА