Андижонда Қурбон ҳайити намози юқори кўтаринкилик билан ўқилди
Мамлакатимизда фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, мусулмонларнинг ўз зиммаларидаги диний арконларни адо этишлари учун зарур барча шароитлар яратилган. Бугун халқимиз Қурбон ҳайити намозини шукроналик билан адо этди.
– Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги яқинда фойдаланишга топширилган, барча қулайликларга эга “Ўқчи” жоме масжидида ҳайит намозини ўқидим, – дейди меҳнат фахрийси Нозимжон Назиралиев. – Очиғи, бугун ибодатимиз учун, масжидларда яратилган шароитларни кўриб, шукроналар келтираман. Бир пайтлар қийин кунларни бошимиздан ўтказганмиз. Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, бугун ибодат қилишимиз, намоз ўқишимиз учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Масжидларимизда таҳорат олиш, ибодат қилиш учун зарур барча шароитлар яратилган. Бунга беадад шукрлар келтираман. Илоҳим, тинч-осойишта, инсон қадри улуғланаётган юртимизга асло кўз тегмасин.
[gallery-29663]
Эрта тонг, Қурбон ҳайити намози олдидан “Ўқчи” жоме масжиди имом-хатиби Қамариддин Минҳожиддинов масжидга ташриф буюрганларни ҳайит байрами билан муборакбод этди, мамлакатимизда байрамни кўтаринкилик билан ўтказиш, намозхонлар учун кенг имкониятлар яратилганлигини алоҳида таъкидлади.
Дарҳақиқат, Президентимиз томонидан жорий йил 22 май куни имзоланган “Муборак Қурбон ҳайити муносабати билан аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва меҳр-саховат тадбирларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида халқимизнинг қадимий, диний байрами –муборак Қурбон ҳайитининг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонпарварлик, эзгулик, шукроналик, меҳр-оқибат сингари анъана ва қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш, ушбу улуғ байрамни муносиб нишонлаш, эҳтиёжмандлар, ёрдамга муҳтож инсонларга саховат, меҳр-мурувват кўрсатишдек хайрли ишлар олиб борилмоқда.
Бугун андижонликлар вилоятдаги 179 та жоме масжиди ҳамда “Сайид Муҳйиддин маҳдум” номли ўрта махсус ислом билим юртида ҳайит намозини юқори кўтаринкилик билан адо этди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов, (сурат),
ЎзА мухбирлари.