Ноқонуний ажратилган ерлар қандай муаммоларни келтириб чиқармоқда?
Мамлакатимизда ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш ҳамда ҳуқуқий тартибга солиш муҳим ҳисобланади. Шу сабабли, сув фонди ерларини аниқ ҳисобга олиш, уларнинг чегараларини белгилаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш соҳада шаффофликни таъминлаш, ноқонуний эгаллаш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда сув объектларини самарали бошқариш айни кун талабларидан.
Сув хўжалиги вазирлигининг Гидротехника иншоотлари кадастрини юритиш бўлими бошлиғи Бегенч Юнусов бу ҳақда қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Сўнгги йилларда республикада сув фонди ерларини хатловдан ўтказиш, уларнинг ҳуқуқий мақомини аниқлаш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Сув хўжалиги вазирлиги тизимида мавжуд сув объектлари ҳамда уларга туташ ер майдонларини инвентаризация қилиш, рақамли маълумотлар базасини шакллантириш, соҳил бўйи ҳудудларини белгилаш ва давлат кадастрига киритиш ишларига алоҳида эътибор қаратиляпти.
Бу жараёнларнинг амалга оширилиши ишлар ҳажми ва мураккаблиги юқори эканини, шунингдек, бир қатор давлат органлари ўртасида институционал мувофиқлаштириш зарурлигини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, мазкур тадбирлар сув фонди ерларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда соҳил бўйи ҳудудларини ҳуқуқий тартибга солиш ишларини изчил ва босқичма-босқич давом эттириш имконини бермоқда.
Кадастр агентлигининг ер ресурслари ҳолати тўғрисидаги Миллий ҳисоботига кўра, 2025 йил 22 декабрь ҳолатига республикада умумий сув фонди ерлари 1 миллион 149 минг гектарни ташкил этган. Ушбу ер майдонларининг 2022-2025 йиллар давомида 883,8 минг гектари давлат рўйхатидан ўтказилгани сув фонди ерларини кадастр тизимига интеграция қилиш бўйича амалий натижалар изчил таъминланаётганини англатади. Бироқ мавжуд ҳолат таҳлили сув фонди ерларининг сезиларли қисми ҳали ҳам давлат кадастри тизимида тўлиқ рўйхатдан ўтказилмаганини кўрсатмоқда. Бу эса ер участкалари чегараларини аниқлаш, уларнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш, шунингдек, сув ресурсларини бошқариш бўйича ягона рақамли маълумотлар базасини шакллантириш ишларини янада жадаллаштириш заруратини юзага келтиряпти.
Шу билан бирга, 2022-2025 йиллар давомида республика миқёсида сув хўжалиги ташкилотлари фойдаланишида бўлган соҳил бўйи ҳудудларининг 99 157 гектари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан турли жисмоний ва юридик шахсларга ажратиб берилгани аниқланган. Мазкур ҳолат сув фонди ерларидан фойдаланишнинг ҳуқуқий режимини таъминлаш, сув объектларини муҳофаза қилиш ҳамда соҳил бўйи ҳудудларининг экологик барқарорлигини сақлаш жараёнларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Хусусан, соҳил бўйи ҳудудларининг бошқа тоифадаги ер фойдаланувчиларга ажратилиши сув объектларини эксплуатация қилиш, гидротехник иншоотларга хизмат кўрсатиш, сув муҳофаза зоналарини сақлаш ҳамда сув ресурсларидан комплекс ва самарали фойдаланиш жараёнларида ҳуқуқий ва ташкилий муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шунингдек, бу ҳолат сув фонди ерларининг кадастр ҳисобини юритиш, уларнинг аниқ чегараларини белгилаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш ишларини ҳам мураккаблаштиряпти.
Мазкур жараёнларда ер участкалари чегараларини замонавий геодезик ўлчовлар, топографик суратга олиш ишлари ҳамда картографик материаллар асосида аниқлаш, тегишли ҳуқуқий ва техник ҳужжатларни расмийлаштириш муҳим аҳамият касб этади. Шу билан бирга, ноқонуний равишда ажратилган ёки амалда сув хўжалиги ташкилотлари фойдаланишидан чиқиб кетган соҳил бўйи ер майдонларини белгиланган тартибда давлат захирасига қайтариш, улар бўйича давлат кадастри маълумотлар базасини янгилаш ҳамда рақамли геоахборот тизимлари (GIS) билан интеграция қилиш ишларини амалга ошириш зарур. Бу эса сув фонди ерларининг аниқ ҳисобини юритиш, улардан фойдаланиш ҳолатини масофавий мониторинг қилиш ва бошқарув қарорларини қабул қилиш самарадорлигини ошириш имконини беради.
Амалда сув фонди ер майдонларини давлат захирасига қайтаришнинг икки асосий ҳуқуқий механизми мавжуд. Булар ердан фойдаланувчиларнинг ер участкаларини ўз ихтиёри билан давлат захирасига қайтариши ҳамда суд тартибида давлат захирасига қайтариш чораларини қўллаш ҳисобланади. Сув фонди ерларининг соҳил бўйи ҳудудларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш ҳудудий иқтисодиётни ривожлантириш, сув объектларини муҳофаза қилиш ҳамда давлат активларидан оқилона фойдаланишнинг муҳим йўналишларидан биридир.
Бугунги кунда Сув хўжалиги вазирлиги тизими ташкилотлари фойдаланишидаги сув фонди ер участкалари таркибида жами 63 603,5 гектар қирғоқ бўйи ҳудудлари аниқланган бўлиб, уларнинг муайян қисми иқтисодий муомалага киритилган. Жумладан, 4 156,3 гектар ер майдони амалда ижара шартномалари асосида фойдаланишга берилган. Шу билан бирга, Наманган вилоятида рақамли бошқарув механизмларини жорий этиш асосида “E-ижара” электрон платформаси орқали 123 гектар соҳил бўйи ер майдонларини ижарага бериш ишлари ташкил этилган. Мазкур амалиёт ер ресурсларини очиқ, шаффоф ва рақобатли механизмлар асосида бошқариш имкониятини яратади.
Ўрганишлар натижасида аукцион савдолари асосида ижарага берилиши мумкин бўлган 33 708,3 гектар соҳил бўйи ҳудудлари мавжудлиги аниқланган. Ушбу ер майдонларини электрон онлайн-аукцион механизмлари натижасидаиқтисодий муомалага киритиш бир қатор ижтимоий-иқтисодий самараларни таъминлайди.Хусусан, бу қўшимча молиявий тушумларни шакллантириш, соҳил бўйи ҳудудларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш даражасини ошириш, хусусий инвестицияларни жалб қилиш асосидаҳудудий иқтисодий фаолликни кенгайтириш, рекреация, экотуризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, янги иш ўринларини яратиш имконини беради.
Таъкидлаш керакки, куни кеча мамлакатимиз Президентининг “Сув хўжалиги соҳасида бозор механизмларини кенг жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди.
Фармонда 2026-2027 йилларда давлат рўйхатидан ўтказилмаган 268 минг гектар сув фонди ерларини хатловдан ўтказиш ва кадастр хужжатларини расмийлаштириш ишларини якунлаш асосий мақсадли кўрсаткичлардан бири сифатида белгиланган.
Шу билан бирга, 2026-2027 йилларда сув хўжалиги ташкилотлари ҳисобидаги 30 минг гектар сув фонди ерларини шаффоф ҳамда бозор тамойилларига асосланган ҳолда ижарага беришни ташкил этиш, сув фонди ерлари участкаларини сув хўжалиги ташкилотларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиш, 2027 йил якунига қадар сув фонди ерларида 100 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш асносида уларга 220 миллиард сўм қўшимча даромад олиш манбаини яратиш кўзда тутилган.
Ушбу фармон мамлакатимизда сув фонди ерларидан фойдаланишда тенглик, шаффофлик ҳамда бозор тамойилларига асосланган илғор хорижий тажрибани жорий этган ҳолда сув фонди ерларидан қўшимча иқтисодий самара олиш ва янги иш ўринларини яратишда муҳим ҳуқуқий асосдир.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева
ёзиб олди.