Андижонда автомобиль йўлларининг ҳолатидан аҳолининг кўнгли тўляптими?
Андижонда вилоятдаги автомобиль йўллари тармоғини ривожлантириш бўйича 2023 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва истиқболдаги режаларга доир матбуот анжумани бўлиб ўтди.
– Вилоятда автомобиль йўллари тармоғи 13 минг 346 километрни ташкил этади, – дейди Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи Мирзоҳиджон Нурматов. – Шундан умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари 2 минг 463 километрни, 10 минг 883 километри эса ички йўлларни ташкил этади. Ана шу йўлларнинг ҳолати ва сифатини яхшилаш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда.
2023 йилда автомобиль йўлларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишларига 780,7 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, ана шу маблағ ҳисобига ўтган йили жами 1 минг 628,9 километр йўл таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Анжуманда йўлларни таъмирлаш ишлари 2022 йилга нисбатан 2,5 баробарга ортганлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, анжуманда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини қайта қуриш, таъмирлаш ва сақлаш ишларига 245,1 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 414,6 километр масофадаги автомобиль йўлларининг ҳолати яхшиланганлиги, 6,3 километр масофадаги йўлларда қайта қуриш ишлари бажарилганлиги қайд этилди.
[gallery-15642]
Бундан ташқари, таъмирлаш ва сақлаш ишларига 172,5 миллиард сўм сарфланиб, 408,3 километр автомобиль йўли таъмирланди, 2 минг 402 километр йўлнинг ҳолати яхшиланди. Натижада 155 та маҳалла ҳудудидан ўтган йўлларда транспорт воситаларининг эркин ҳаракатланиши таъминланди.
Ўтган йил давомида вилоятдаги ички йўлларнинг 1 минг 52,2 километрига асфальт, 84,3 километрига цемент-бетон қопламаси, 78,8 километрига шағал ётқизилди. Ушбу ишлар учун қарийб 535,7 миллиард сўм маблағ сарфланди.
“Ташаббусли бюджет” дастури доирасида ўтган йили 262,3 километр узунликдаги ички йўллар таъмирланди. Шунингдек, тадбирда кўприкларни таъмирлаш ва тиклаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлиги айтиб ўтилди, Хусусан, ўтган йил давомида умумфойдаланиш йўллари устига қурилган 6 та, ички йўлларга қурилган 10 та кўприк таъмирланган.
Анжуманда мутасадди ва мутахассислар томонидан жорий йилда амалга ошириладиган ишлар режаси ҳақида ҳам маълумот берилди.
Андижон вилояти автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи М. Нурматов журналист ва блогерларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтарди. Автомобиль йўллари билан боғлиқ муаммо, хато ва камчиликларни аниқлаш, кенг жамоатчиликка етказиш ва ижобий ҳал этишда оммавий ахборот воситалари вакиллари билан яқин ҳамкорлик қилишга тайёр эканлигини билдирди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари