Алюмин кукуни нафс ўпқонини тўлдирмади, аксинча...
Ҳайдовчининг бу гаплари инспекторда шубҳа уйғотди.
25 июнь куни Тошкент вилоятининг “Чинор” мунтазам ЙПХ масканида хизмат ўтаётган ходимлар – кичик сержант Ж.Абдураҳмонов ҳамда сафдор Я.Тошевлар Наманган вилоятидан Тошкент шаҳри томон ҳаракатланаётган “Исузи” юк машинасини тўхтатади. Ҳайдовчи Р.У. инспекторга тегишли ҳужжатларни тақдим этди.
– Юкхонада нима бор? – сўради ходим.
– Майда-чуйда нарсалар бор, – деди ҳайдовчи тезлик билан ўриндиқдан тушар экан. – Бир танишимнинг юклари.
– Қани, бир кўрайлик-чи? Юкхонани очинг.
– Очиб ўтирамизми, майда-чуйда нарсалар, дедим-ку.
Ҳайдовчининг бу гаплари инспекторда шубҳа уйғотди. Дарҳол холислар таклиф этилиб, автомобилнинг юкхонаси очилди. Юкхонада эса қопларга жойланган рангли метал парчалари бор эди. Керакли ҳужжатлар расмийлаштирилганидан сўнг ҳайдовчи, транспорт воситаси ҳамда ашёвий далиллар туман ИИБга олиб борилди. Қоплар тортиб кўрилганида уларда 3 тонна 100 килограмм, ҳеч қандай тегишли ҳужжатлари бўлмаган алюмин кукунлари борлиги маълум бўлди.
Ноқонуний даромад орттиришни хаёл қилиб, қинғир йўлни танлаган ҳайдовчи Р.У. энди қонун олдида жавоб беради.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати.