Алкоголь маҳсулотлари сифати назоратда: Республика дегустация комиссиясининг йиғилиши ўтказилди
Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ошириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Республика дегустация комиссиясининг навбатдаги йиғилишини ўтказди. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 26 декабрдаги 1039-сон қарори ижросини таъминлаш доирасида ташкил этилган тадбирда асосий эътибор ишлаб чиқарилаётган этил спирти ва алкоголь маҳсулотларининг органолептик хусусиятларини аниқлаш ҳамда уларнинг сифат кафолатини таъминлашга қаратилди.
Комиссия аъзолари 200 га яқин маҳсулот намуналарини, жумладан, қайтадан ишлаб чиқаришга қўйилган ва таркиби ўзгартирилган алкоголь ичимликларини органолептик усулда баҳолади. Мутахассислар инсон сезги аъзолари – кўриш, ҳид билиш, таъм сезиш ва ушлаб кўриш орқали маҳсулотларнинг ранги, таъми ва ҳиди сингари муҳим кўрсаткичларини эксперт баҳосидан ўтказди.

Йиғилиш давомида фақатгина тайёр маҳсулотларни баҳолаш эмас, балки соҳани тартибга солишга қаратилган стратегик масалалар ҳам кўриб чиқилди. Хусусан, этил спирти ва алкоголь маҳсулотлари юзасидан истеъмолчилар ҳамда назорат органлари ўртасида юзага келадиган баҳсли ҳолатларни холисона ҳал этиш, маҳсулотларни дегустация қилиш бўйича ягона миллий амалиётни шакллантириш ҳамда ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг дегустация гуруҳларига услубий кўмак кўрсатиш каби вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, йиғилишда экспертларни халқаро ва минтақавий маҳсулот танловларига жалб қилиш, илмий-тадқиқот ишларида дегустация натижаларидан фойдаланиш ва ишлаб чиқаришдаги технологик жараёнларни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбир якунида дегустацияга тақдим этилган тажрибавий ва янги турдаги алкоголь маҳсулотларининг сифат кўрсаткичлари таҳлил қилиниб, уларнинг ишлаб чиқаришга яроқлилиги бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди. Ушбу чора-тадбирлар бозордаги маҳсулотларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва сифат даражасини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА