Истеъмолчиларга 1 миллион 782,6 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилди
“Ўзбеккўмир” АЖ тақдим этган маълумотга кўра, 2026 йил январь-март ойларида жамият томонидан истеъмолчиларга 1 миллион 782,6 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилган. Бу борадаги режа 104,6 фоизга бажарилган. Хусусан, иссиқлик электр станцияларига 1 миллион 86,1 минг тонна, бюджет ташкилотларига 7,1 минг тонна, аҳоли эҳтиёжлари учун эса 131,1 минг тонна маҳаллий кўмир етказилган.
Шунингдек, биржа савдолари ҳамда тўғридан-тўғри шартномалар натижасида 557,7 минг тонна кўмир сотилди. Бу кўрсаткич режага нисбатан 169,6 фоизни ташкил этди. Ушбу мақсадда январь-март ойлари давомида 6 миллион 914 минг метр куб ҳажмида кон юзаси очилди. Жумладан, “Ангрен кўмир” конида 5,8 миллион метр куб, “Апартак” конида эса 1,1 миллион метр куб ҳажмда ишлар амалга оширилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида жами 1 миллион 0,9 минг тонна кўмир қазиб олинди. Бу борадаги асосий ҳажм “Ангрен” кони ҳиссасига тўғри келди.
– Жамият томонидан 2024 йилда mycoal.uz портали ишга туширилган бўлиб, у орқали кўмир қазиб олишдан тортиб, уни истеъмолчига етказиб беришгача бўлган барча жараёнларни онлайн кузатиш йўлга қўйилган. Бу маҳсулот ҳаракатининг тўлиқ шаффофлигини таъминлаш, ҳисоб-китобларни аниқ юритиш ва инсон омилини камайтиришга хизмат қилмоқда. Айни пайтда трансформация жараёнлари изчил давом этяпти. Хусусан, халқаро консалтинг компанияси KPMG томонидан харид тизими чуқур таҳлил қилиниб, уни тўлиқ рақамлаштириш, ички назорат ва комплаенс тизимини кучайтириш ҳамда шаффофликни ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Бу эса молиявий интизомни мустаҳкамлаш ва ресурслардан самарали фойдаланиш имконини беради. Шу билан бирга, харид жараёнларини рақамлаштириш, ички назоратни кучайтириш, омбор ва захираларни самарали бошқариш бўйича ислоҳотлар давом этмоқда,– деди жамият ахборот хизмати раҳбари Неъмат Душаев.
Таъкидлаш керакки, мазкур чора-тадбирлар ишлаб чиқариш жараёнларининг узлуксизлигини таъминлаш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва маҳсулот реализациясини янада тизимли ҳамда самарали ташкил этишда муҳим ҳисобланади.
Н.Зиёдулаева,
ЎзА