Алишер Навоий мероси – маънавият ва маърифат манбаи
Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Маънавият ва маърифат марказида буюк мутафаккир, давлат арбоби ва сўз мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 585 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази вакиллари, олий ўқув юртлари талабалари, ҳарбий хизматчилар ва ёшлар иштирок этишди.
Ёш авлод қалбида миллий ўзликни англаш, Ватанга садоқат, юксак маънавий қадриятларга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлаш, шунингдек, буюк мутафаккир ижодий меросининг ёшлар тарбиясидаги беқиёс аҳамиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар Алишер Навоий ҳаёти ва фаолияти, унинг ўзбек адабий тили ривожига қўшган улкан ҳиссаси, инсонпарварлик, адолат, илм-маърифат ғояларини тарғиб этувчи асарларининг бугунги кунда ҳам долзарблигини таъкидлашди.
Тадбир давомида Навоий асарларидан намуналар ўқилди, ғазал ва рубоийлари ёддан ижро этилди. Талаба-ёшлар томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари, адабий-бадиий композициялар тадбирга ўзгача руҳ бағишлади.
Буюк мутафаккирнинг “Хамса”, “Маҳбуб ул-қулуб” ва “Лисон ут-Тайр” каби дурдона асарларида илгари сурилган ғоялар бугунги ёшлар ҳаёти билан уйғун ҳолда таҳлил қилинди. Шунингдек, шоир меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган ташаббуслар ҳақида ҳам сўз юритилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА