Алимент қарздорлари билан боғлиқ ишлар сайёр судда кўрилди
Навоий вилоят ҳудудидаги маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш мақсадида вилоят судлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамкорлигида сайёр суд ўтказилмоқда.
Навбаҳор туманида ўтказилган сайёр суд мажлисида Мажбурий ижро бюросининг туман бўлими иш юритувидаги алимент қарздорлигини ундириш масалалари муҳокама этилди.
Жараёнда жами 13 нафар қарздорга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, уларнинг жавобгарлиги суд тартибида кўриб чиқилди. Натижада 8 нафар қарздорга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-прим 4-моддасига асосан 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси тайинланди, яна 5 нафар қарздорга эса кодекснинг 271-моддаси 10-бандига мувофиқ маъмурий иш материаллари суд жараёнида тугатилди.
Мажбурий ижро бюроси томонидан алимент тўловларини ўз вақтида ундириш, қарздорликларнинг олдини олиш ҳамда фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири