Арматура ва қурилиш материалларининг сифати – назоратда
Сифатсиз материаллар ва конструкцияларнинг заиф элементларини ўз вақтида аниқлаш қурилаётган объектларни эксплуатация қилиш харажатларини камайтиришга ва муҳандислик иншоотларининг ишончлилиги ҳамда хавфсизлигини оширишга имкон беради.
Шу мақсадда Хоразм вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекциясида “Қурилиш-синов лабораторияси” ташкил этилган.

Лаборатория қурилиш материаллари ва иншоотлари сифатини назорат қилиш ҳамда қурилиш экспертизаси соҳасида фаолият юритиб, объектларда турли синов, текширув ва ўрганишларни амалга оширмоқда.


– Қурилишда қўлланилаётган материалларнинг сифатини текшириш ва бажарилаётган ишларни назорат қилиш қурилиш ишлаб чиқариш жараёнида муҳим ўрин тутади, – дейди ҳудудий инспекция бош мутахассиси Дониёр Ёвбосаров. – Ҳозирда бу ерда 45 хил турдаги синовлар малакали мутахассислар томонидан олиб борилмоқда. Лабораторияда намуналар замонавий синов ускуналари ёрдамида текширувдан ўтказилади. Синов жараёнида арматуранинг диаметри ва геометрик ўлчамлари, чўзилишдаги мустаҳкамлиги, оқувчанлик чегараси, нисбий узайиши каби муҳим кўрсаткичлар аниқланади.

Айни пайтда ҳудудий инспекция “Қурилиш-синов лабораторияси” мутахассислари томонидан қурилиш объектларида ҳам назорат тадбирлари олиб борилаётганлиги сабабли барпо этилаётган бинолар ва иншоотларда қўлланилаётган қурилиш материаллари сифати, уларнинг меъёрий-техник ҳужжатлари ҳамда белгиланган стандартларга мувофиқлиги чуқур ўрганилмоқда.

Шунингдек, олиб борилаётган синов ва таҳлил ишлари қурилиш объектларининг сифатли барпо этилиши, уларнинг узоқ муддат хизмат қилиши ҳамда аҳоли учун хавфсиз ва қулай шарт-шароитларни таъминлашга қаратилган.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири