Академик лицей ўқувчилари БМТнинг Женевадаги қароргоҳида бўлди
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети академик лицейи ўқувчилари учун ташкил этилган ўқув дастури доирасидаги халқаро ташрифлар давом этмоқда. Дастурнинг илк манзили Швейцариянинг Женева шаҳри бўлиб, унда ёшлар дунёнинг энг нуфузли халқаро ташкилотларидан бири – Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европадаги штаб-квартираси фаолияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.
Ташриф давомида ўқувчилар БМТнинг Женевадаги фаолияти, унинг асосий вазифалари ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдаги ўрни ҳақида атрофлича маълумот олди. Уларга ташкилотнинг тарихи, тузилмаси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, барқарор ривожланиш ҳамда гуманитар соҳаларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил сўзлаб берилди.

Шунингдек, делегация аъзолари БМТнинг тарихий мажлис заллари, конференция хоналари ва музей экспозициялари билан танишди. Ташриф чоғида ўқувчилар халқаро дипломатия, кўп томонлама музокаралар жараёни ҳамда БМТ тизимининг замонавий халқаро муносабатлардаги ўрни хусусида ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.

Мазкур ташриф ёшларнинг халқаро муносабатлар, дипломатия ва глобал бошқарув тизими ҳақидаги билимларини янада мустаҳкамлаш, уларнинг халқаро майдонда кечаётган замонавий жараёнларга қизиқишини оширишга хизмат қилди.

Дастурнинг кейинги босқичида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети академик лицейи ўқувчилари Германиянинг бир қатор етакчи олий таълим муассасаларида бўлиб, уларнинг таълим тизими, илмий салоҳияти ва академик фаолияти билан танишиши режалаштирилган.
Нилуфар Бозорова, ЎзА