Аҳоли саломатлиги йўлида амалий ишлар давом этмоқда
Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини ошириш, айниқса, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бу йўналишда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан илгари сурилган “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар эса алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Мазкур дастур доирасида жойларда аҳолининг муаммоларини ўрганиш, уларнинг турмуш даражасини яхшилаш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Саломатлик сари” ва “Умид” акциялари аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатишда муҳим ўрин тутмоқда.

Навоий вилоятининг чекка ҳудудларидан бири – Хатирчи тумани Зарафшон маҳалласида ўтказилган тиббий акция бунинг яққол мисолидир. Вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда малакали шифокорлар томонидан 300 нафардан ортиқ аҳоли чуқур тиббий кўрикдан ўтказилди. Касаллик аниқланган фуқароларга даволаниш учун йўлланмалар берилди, диспансер ҳисобида турган беморлар эса бепул дори-дармонлар билан таъминланди.
Оғир аҳволдаги беморлар ҳолидан хонадонларига бориб хабар олинди, уларга тиббий ва маънавий ёрдам кўрсатилиб, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

– Бугунги ташкил этилган тиббий кўрикдан жуда мамнун бўлдим, – дейди Саломат Вафоева. – Биз учун бундай имконият яратилгани, айниқса, чекка ҳудудда яшовчи аҳоли учун жуда катта қулайлик. Малакали шифокорлар томонидан соғлиғимиз тўлиқ текширилди, керакли тавсиялар берилди. Шунингдек, уйида оғир ётган беморлар ҳолидан хабар олиниб, уларга кўмак кўрсатилгани ҳам жуда яхши ташаббус бўлди. Бу эса инсонга бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунаси, деб ўйлайман.
Тадбир давомида депутатлар томонидан фуқароларнинг муаммолари тингланиб, уларни жойида ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди. Бу эса давлат органлари ва халқ ўртасидаги очиқ мулоқотни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

“Халқ билан бирга” дастури доирасида амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар юртимизда инсон қадри улуғланаётганининг, аҳолига бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Бу каби ташаббуслар халқ фаровонлиги йўлида муҳим қадам бўлиб, келгусида ҳам изчил давом эттирилади.
А.Бўриев, ЎзА